“Кексалар учун туризм ойлиги”да фахрий устозлар учун тарихий саёҳат ташкил этилди


Ҳар йили ноябрь ойида мамлакатимизда ўтказиладиган “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида ИИВ Академиясининг ходимлари ва истеъфодаги фахрий профессор-ўқитувчилари учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига саёҳат ташкил этилди. Саёҳат тарихга ҳурмат, ёшларга сабоқнинг амалий ифодаси бўлди.
Меҳмонлар марказдаги тарихий экспозициялар, исломдан аввалги, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётига оид илмий материаллар билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, рақамли қурилмалар ёрдамида тақдим этилган аждодларимиз мероси, турли даврлар артефактлари ва интерактив намойишлар ташриф буюрганлар эътиборини тортди. Тадбир фахрийлар ва ходимларнинг маънавий ҳордиқ олишларига муносиб ҳисса қўшди.
Ахтам Турсунов, Юридик фанлар доктори, профессор:
– Дунёнинг кўплаб музейларида ва илм масканларида бўлганман. Бироқ бу ердаги кўлам, мазмун ва технологик ёндашув ўзгача. Бинонинг ташқи ва ички қиёфасида замонавий архитектура, миллий мерос ва тарихий ғоялар мукаммал уйғунлашган. Бундай улкан ва мазмунли марказнинг яратилиши Президентимизнинг тарихий мерос ва маънавиятга қаратган эътиборининг ёрқин самарасидир. Ушбу маскан халқимиз ва хорижий меҳмонлар учун тенгсиз маънавий бойлик манбаи ҳисобланади.

Зумрад Қўчқорова, ИИВ Академияси Маънавият ва Маърифат маркази катта мутахассиси, капитан:
– Фахрий устозларимиз билан бу масканга ташриф буюриш биз учун катта шараф ва унутилмас тажриба бўлди. Интерактив технологиялар ёрдамида ўтмиш воқелигини гўё ўз кўзингиз билан кўргандек бўлдик. Шу боис бу ерга курсантларимизни ҳам олиб келишни режалаштирдик. Марказнинг тарбиявий, маърифий ва илмий аҳамияти ёшлар учун жуда катта аҳамиятга эга.
Давлат Юсупов, ИИВ Академияси фахрийлар кенгаши раиси, фалсафа фанлари номзоди, истеъфодаги полковник:
– Бугунги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган жараёнларда айниқса, ёшларда радикал кучларга, диний ҳаракатларга қарши иммунитетни шакллантириш нуқтаи назардан бу марказ жуда катта аҳамиятга эга, деб ўйлайман. Шу нуқтаи назардан, Марказнинг тарбиявий аҳамияти беқиёс. Ушбу марказнинг барпо этилиши Президентимизнинг тарихий мерос, маънавият ва ёшлар таълимига қаратган эътиборининг амалий ифодасидир. Ташрифни ташкил этган ИИВ Академияси раҳбариятига ва Марказ жамоасига миннатдорчилик билдираман.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа