Польша вазири: “Ислом цивилизацияси маркази — унутилмас таассуротлар макони”
Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва замонавий экспозициялар, интерактив технологиялар уйғунлашган Ислом цивилизацияси марказига навбатдаги нуфузли меҳмон — Польша қишлоқ хўжалиги вазири Стефан Краевски бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Стефан Краевски Президент Шавкат Мирзиеёв ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан танишар экан, таассуротлар узоқ йиллар ёдидан чиқмаслигини айтди. Ислом цивилизацияси маркази мамлакатимизнинг бой тарихий ва маърифий меросини сақлаш ҳамда тарғиб этиш масканига айланмоқда.

Марказ замонавий экспозициялар, рақамлаштирилган архивлар ва интерактив тақдимотлар орқали Ўзбекистоннинг қадимий илдизлари, илмий-анъанавий мероси ҳамда замонавий ривожланиш йўлини дунё ҳамжамиятига очиқ ва тушунарли қилиб намойиш этади.
Польша Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқларни ривожлантириш вазири Стефан Краевски бошчилигидаги делегация марказга ташриф буюрди. Делегация аъзолари Марказнинг асосий бўлимлари — тарихнинг турли даврларига бағишланган экспозициялар билан яқиндан танишдилар. Экскурция марказ мутахассислари томонидан олиб борилиб, ҳар бир бўлимнинг мақсади, тадқиқот йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ташриф якунида Стефан Краевски ўз таассуротларини қуйидагича ифода этди:
“Бу ерда учта ренессанс — Ўзбекистоннинг бугунги қиёфасига таъсир кўрсатган жараёнлар ва буюк инсонлар яратган мерос — буларнинг барчаси аниқ ва ихчам тарзда намойиш этилган. Инсониятни янги йўналишга бошлаган дастлабки ўзгаришлар, улкан силжишлар бу ерда ёритилган ва уларнинг аҳамияти беқиёс. Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан бунёд этилган ушбу маскан тарихнинг бошидан ҳозирги давргача бўлган жараённи тўлиқ очиб беради. Бу марказ бугунги ва келажак авлодлар — айниқса болалар ва ёшлар учун тарихни ўрганиш, анъаналар ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳини сингдириш учун жуда муҳим. Бу таассуротлар узоқ йиллар ёдимиздан чиқмайди. Биз Польша-Ўзбекистон муносабатларини иқтисодий соҳалардан бошлаб маданият, таълим ва инсонпарварлик масалаларигача ривожлантирмоқдамиз. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг муҳим шерикларимиздан бири ҳисобланади. Талабалар алмашинуви ва илмий ҳамкорлик каби ташаббуслар йиллар давомида доимий дўстлик ва ишончни шакллантиришга хизмат қилди. Умид қиламанки, бу алоқалар янада мустаҳкамланади.”

Делегация аъзолари марказнинг илмий-услубий соҳага қўшаётган ҳиссаси, рақамли ва интерактив ечимларнинг ёшларни илмий изланишга жалб қилишдаги роли ва тарихий манбаларни халқаро ҳамжамиятга етказишдаги қулайликларини юқори баҳоладилар.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа