“Ўзбекистоннинг тарихий пойдевори олдида дунё жараёнлари ожиз” — Россия депутатининг кутилмаган хулосаси

 

 

 

Жаҳон янги синовлар даврига кирган бир пайтда, Ўзбекистоннинг тарихий пойдевори янада ёрқин кўринмоқда. Россия Давлат думаси раиси ўринбосари Александр Бабаковнинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг тарихий илдизи, қудратли маданий пойдевори шундай барқарорки, бугунги дунёдаги глобал жараёнлар ҳам унинг мустаҳкамлиги олдида ожиз қолади.


Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил Рамазон ойида Ислом цивилизацияси маркази қурилишига тамал тоши қўяр экан, “Бу марказни қуришдан мақсад – ислом маърифатини ўрганиш, боболаримизнинг буюк меросини халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятига етказишдир. Худо хоҳласа, саъй-ҳаракатларимиз ёшлар таълим-тарбиясига, илм-фанга, маданиятга, тинчлик-осойишталикка замин яратади” дея таъкидлаган.


Орадан йиллар ўтиб, ушбу Марказ ҳақиқатан ҳам халқимизнинг кўп асрлик илмий-маънавий меросини ўзида жамлаган, замонавий технологиялар орқали жонлантирган ва жаҳон миқёсида эътироф топган нуфузли илмий-маърифий марказ сифатида бунёд этилди. Бугунги кунда у нафақат ўзбек халқининг фахрли тарихини акс эттиради, балки турли давлатлардан ташриф буюраётган делегациялар учун маърифат, илм ва маданият масканига айланмоқда. 

 

АҚШ, Франция, Польша, Нигерия, Хитой, Туркия каби дунёнинг турли бурчагидаги минтақаю давлатлардан Марказ ташриф буюраётган делегациялар аллақачон бу натижанинг гувоҳи бўлиб, Президент Шавкат Мирзиеёвнинг ташаббуси ва ғояси улкан эканлигини эътироф этишмоқда.

 

 

Хусусан, Россия Федерацияси Давлат Думасининг ўринбосари Александр Бабаков Марказга ташрифи чоғида  Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган бу ғоя нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун беқиёс қадрият эканлигини қайд этди.

 

Александр Бабаков бошчилигидаги Россия делегацияси Марказга ташриф давомида музейнинг асосий экспозициялари, ислом цивилизациясининг турли даврларига бағишланган бўлимлари, қадимий қўлёзмалар фонди ва замонавий мультимедиа технологиялари ёрдамида яратилган илмий-маърифий контент билан батафсил танишдилар. 

 

Александр Бабаков Марказ ҳақида ўзининг таассуротлари билан ўртоқлашди: 

 

– Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган бу ғоя нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун беқиёс қадриятдир. Бу ерга кирган одам нафақат маълумот олади, балки қадимий цивилизация нафасини ҳис қилади. Ўтмишда бу замин буюк давлатчилик, мустаҳкам анъаналар ва илм-фан маркази бўлганини чуқур англайди. Ўзбекистон тарихининг илдизлари шу қадар юксак ва мустаҳкам эканки, бугунги дунёда содир бўлаётган жараёнлар бу маданий асослар олдида ожиз кўринади. У албатта ҳурматга, эътирофга ва кенг тарғиботга лойиқ.


Ишончим комилки, бу Марказ яшайди, ривожланади ва бошқа халқлар учун ҳам ўрнак бўлиб хизмат қилади. Ўз тарихига ҳурмат билан қараш, уни асраш, англаш ва келажак авлодга муносиб тарзда етказиш — бу ерда чуқур фалсафа сифатида мужассам. Ўзбекистон раҳбарияти айнан мана шу пойдеворни мустаҳкамлаб, давлатнинг келажак тараққиёт йўлини тўғри белгиламоқда. Инсон ўз тарихини англаганида, келажакка ишонч билан қадам ташлайди. Мен Ўзбекистонга улкан муваффақиятлар тилайман. 

 

Россия делегациясининг ушбу ташрифи Марказ фаолиятига берилган яна бир юксак халқаро эътироф бўлди.