ЯНГИ АВЛОД ҲУҚУҚШУНОСЛАРИ УЧУН ОЧИЛГАН БИЛИМ ДАРВОЗАСИ

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрган ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси магистрантлари бир кунда тарих, маърифат ва тергов амалиёти ўртасидаги ички боғлиқликни кўришга муваффақ бўлдилар. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги мега лойиҳанинг замонавий экспозициялари, қадимий манбалар ва коррупцияга қарши кураш бўйича амалий суҳбатлар уларга келажак фаолияти учун муҳим “сигнал”лар берди.

 

 

Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси магистрантлари учун сайёр ўқув машғулоти ўтказилди. Ўқув машғулот давомида тингловчиларга Марказда олиб борилаётган диний-маърифий йўналишдаги ишлар, илмий тадқиқотлар, таржималар ва уларнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, аждодларимиз илмий меросининг замонавий илмий талабларга мос тарзда таржима қилинаётгани, илмий изоҳли академик нашрлар тайёрланаётгани таъкидланди. Ушбу асарларнинг мазмуни жамиятда учрайдиган бир қатор муаммоларга илмий асосланган ечим таклиф этиши, экстремизмнинг олдини олишда муҳим ўрин тутиши қайд этилди. 


Шу билан бирга, Марказда ўтказилган мазкур йиғилишда коррупцияга қарши курашиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Тингловчиларга коррупция — давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими ва жамият барқарорлигига энг катта хавф туғдирувчи омиллардан бири экани, у билан курашишда ҳалоллик, шаффофлик ва масъулиятнинг муҳимлиги ҳақида батафсил маълумот берилди. Коррупцияга оид жиноятларнинг тергов ишларида учрайдиган асосий муаммолар, уларни аниқлашда илмий ёндашувнинг ўрни ҳамда тарихий-маънавий мероснинг коррупцияга қарши маданиятни шакллантиришдаги аҳамияти ҳақида фикр алмашилди. 

 


Марказ катта илмий ходими Абдушукуржон Муратов ўқув машғулоти давомида Жаҳолатга қарши курашда энг кучли қурол — бу китоб ва илм эканлигига тўхталаркан, дунё тажрибасидан айрим тушунтиришлар ҳақида маълумот берди. 

 

– Дунёнинг кўплаб мамлакатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, аҳолининг китоб ўқишга бўлган қизиқиши ортган сари жамиятда жиноятчилик даражаси изчил камаяди. Чунки китоб инсон тафаккурини шакллантиради, дунёқарашини кенгайтиради ва танқидий фикрлашни кучайтиради. Ислом цивилизацияси марказида ҳам айнан шу мақсадда юзлаб тарихий манбалар илмий изоҳлар билан қайта нашр қилинмоқда. Аждодларимизнинг асарлари замонавий ўзбек тилига таржима қилиниб, кенг жамоатчилик учун тушунарли шаклда етказилмоқда. Илмга таяниш, китоб ўқишни тарғиб этиш ва ёшлар онгини тўғри шакллантириш — ҳар қандай жиноятчиликнинг олдини олишда энг самарали профилактик механизмдир, — деди А.Муратов. 

 

 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази ўзининг илмий-маърифий муҳити, нодир экспонатлари ва замонавий экспозицияси билан талаба-ёшларнинг дунёқарашини бойитишда муҳим маскан сифатида тобора катта аҳамият касб этмоқда. Ўқув-машғулотда иштирокчилар Марказнинг бунёд этилиши тарихи ҳақидаги ҳужжатли фильмни томоша қилдилар, бу эса уларга лойиҳанинг мазмун-моҳияти ва мамлакатимиздаги маърифий ислоҳотлар доирасида тутган ўрни ҳақида янада тўлиқ тасаввур пайдо қилди. 

 

 


Шундан сўнг тақдим этилган маълумотларнинг амалий ифодаси, ҳужжатли фильмдаги ҳақиқий манзарани кўриш учун Марказ музейига ташриф буюрдилар. Ташрифнинг асосий қисмида магистрлар Марказ музейи экспозицияларида ўрин олган қадимий қўлёзмалар, нодир экспонатлар, рақамлаштирилган артефактлар ҳамда замонавий илмий-фондлаш тизими ҳақида батафсил маълумот олдилар. 

 

Юлдуз Мавлонова, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси магистранти: 

 

– Айниқса тарихий воқеаларни жонли тарзда акс эттирган экспозициялар мени жуда ўзига тортди. Шунингдек, исломдан аввалги даврга оид олтин тақинчоқлар ҳам чуқур, унутилмас таассурот қолдирди.

 

Валижон Шерзодов, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси магистранти:

 

– Қурилиш ва меъморий ечимларда, ишлатилган материалларда ниҳоятда оқилона ёндашувни кўрдик. Бу маскан, муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистон маданияти ва ёшларимиз маърифатини юксалтириш йўлидаги буюк пойдеворлардан бири бўлиб хизмат қилади. Бизга машғулот жараёнида “бу марказга кирган инсон маърифатни қайтадан бошлайди, яъни бу жой одамни ўзгаришга ундайдиган, фикрлашини кенгайтирадиган ноёб макон”лиги ҳақида айтиб ўтишди. Марказ музейи экспозицияси билан танишар эканмиз, бунинг гувоҳи бўлдик. Чунки бу ерда тарихимиз жуда бой, кенг қамровда ва жуда таъсирли тарзда ёритилган. Бундан жуда ҳам мамнунмиз ва аввало, давлатимиз раҳбарига, мутасадди ташкилотларга миннатдорчилигимизни билдирамиз. 


Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, мени энг кўп қизиқтирган жиҳатлардан бири музейга кириш қисмида буюк бобокалонларимиз таржимаи ҳолларининг тўққиз тилда баён қилингани бўлди. Бу, шубҳасиз, юртимизнинг туристик салоҳиятини оширишга ҳам катта ҳисса қўшади.

 

Турғун Норалиев, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси магистранти: 

 

– Биз Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган Ислом цивилизацияси марказига ташриф давомида ислом динининг пайдо бўлишидан тортиб бугунги кунгача бўлган барча тарихий босқичларни, шунингдек, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, жадидчилик ҳаракати ва Янги Ўзбекистон тараққиёт йўлини яққол кўрдик. Бу маскан тарихимизнинг энг муҳим саҳифаларини чуқур ва таъсирли тарзда намойиш этади. Марказ фаолияти ҳамда бундай имкониятни яратгани учун муҳтарам Президентимизга ва марказ раҳбариятига, шунингдек, бу улкан лойиҳага ўз ҳиссасини қўшган барчага миннатдорчилик билдирамиз.