Франция Қуролли Кучлари делегацияси Ўзбекистоннинг маданий меросни асраш йўлидаги ёндашувидан ҳайратга тушди

 

Сирли қўлёзмалар, рақамлашган артефактлар ва тарихни қайта жонлантирувчи технологиялар – Ўзбекистон Президентининг ташаббуси ва ғояси нафақат дипломатлар, балки Европа давлатларининг ҳарбий кучлари вакилларида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.


Ўзбекистондаги мега лойиҳа –  Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказининг илмий-маърифий йўналиши, рақамлаштирилган экспозициялари ва бой маданий мероси билан халқаро ҳамжамият эътиборида бўлиб келмоқда. Марказга ташриф буюрувчи нуфузли делегациялар сонининг ортиб бориши унинг мамлакат ҳамда бутун минтақадаги муҳим илмий-маданий маскан сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамламоқда.

 

 

 

Франция Қуролли Кучлари Бош штаби ва Мудофаа вазирлиги Халқаро муносабатлар бошқармаси вакилларидан иборат делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.

 

Ташриф доирасида меҳмонлар Марказнинг асосий экспозицияси, рақамлаштирилган артефактлар, нодир қўлёзмалар галереяси ҳамда илмий фондларда сақланаётган тарихий манбалар билан яқиндан танишди. Делегация аъзолари Марказда қўлланилаётган илмий ёндашув, замонавий музей технологиялари ва маданий меросни тарғиб этишнинг инновацион форматларига катта қизиқиш билдирди.

 

 

Франция Қуролли Кучлари Бош штаби Халқаро алоқалар бўлимида Европа ва Евроатлантика минтақаси бўйича директор вазифасини вақтинча бажарувчи, биринчи даражали капитан Жером Шевале ўз таассуротларини қуйидагича изҳор этди:

 

“Музейнинг асосий афзаллиги – барча коллекциялар ягона илмий-маданий маконда мазмунли ва тартибли ҳолда тақдим этилганидир. Ҳар бир экспонатнинг аниқ изоҳи, тарихий қиймати ва маданий аҳамияти пухта ёритилган. Бундай улкан ва муҳим лойиҳани амалга оширгани учун Президентингизни ва бутун Ўзбекистон халқини чин дилдан табриклайман.”

 

Марказнинг глобал илмий ҳамжамият билан алоқалари, тарихий манбаларни сақлаш бўйича қўлланилаётган технологиялар ва турли давлатлар билан илмий ҳамкорлик йўналишлари меҳмонлар эътиборини тортди. Франциялик ҳарбий мутахассислар ушбу марказни “Ислом тарихининг энг муҳим қатлами замонавий талқинда мужассам бўлган ноёб илмий маскан” сифатида баҳолаб, Ўзбекистоннинг маданий меросни асраш борасидаги ёндашувини юқори даражада эътироф этдилар.

 

 

Франция Қуролли Кучлари вазирлигининг Халқаро алоқалар ва стратегия Бош бошқармаси Европа, Шимолий Америка ва кўп томонлама ҳаракатлар бўлими бошлиғи ўринбосари полковник Патрик Бриан ҳам Марказ фаолиятини юксак баҳолаб, шундай деди:

 

“Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида барпо этилган бу марказ жуда чиройли ва замонавий тарзда яратилган. Ундаги экспозициялар билан танишиш бизда катта таассурот қолдирди. Бу ердан Ўзбекистон каби буюк мамлакат цивилизацияси, маданияти ва тарихи ҳақида кўплаб янги маълумотларга эга бўлдик.”

 


Ташриф якунида томонлар илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш, экспертлар ўртасида тажриба алмашиш, қўшма тадбир ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келгуси режаларни муҳокама қилдилар.