Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ХВЖ экспертларини ҳайратга солди

 

 

 

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) делегацияси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, марказнинг барча экспозиция заллари, тарихий артефактлар, археологик топилмалар, қўлёзмалар, сунъий интеллект асосида яратилган интерактив имкониятлар ва замонавий мультимедиали инсталляциялар билан танишди. Делегация аъзолари Марказнинг илмий концепцияси, экспозициялар мувозанати ва технологиялар уйғунлигини юқори баҳоладилар.

 

Ташриф доирасида ХВЖнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Коба Гвенетадзе марказ фаолияти ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

 

— Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриш мен учун катта шараф. Марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун муҳим маърифий маскан эканини яққол намоён қилади. Экспозициялар илмий жиҳатдан пухта ишланган, замонавий технологиялар билан бойитилгани эса ташрифчини тарихий жараёнларнинг бевосита иштирокчисига айлантиради. Марказ Тошкентнинг янги маданий белгиси сифатида алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, халқаро сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилади, — деди у.

 

 

ХВЖ бош иқтисодчиси Алехандро Симон ҳам Марказдаги экспонатлар ва мультимедиали ечимларни юксак баҳолади.

 

— Дунёдаги кўплаб нуфузли музейларда бўлганман, аммо Ислом цивилизацияси маркази улар билан бемалол рақобат қила олади. Бу ердаги экспозициялар тарихни нафaқат намойиш қилади, балки тўлақонли тажриба ҳам бўлади. Қадимий қўлёзмалар, археологик топилмалар ва илмий мерос намуналарининг мукаммал тақдимоти ҳар қандай ташрифчини ҳайратга солади. Марказ инсонни маънан бойитадиган ўзига хос макон,  — деди у.

 

 

ХВЖнинг яна бир бош иқтисодчиси Этибар Жафаров Марказни «жонли тарих макони» деб атади.

 

— Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Марказдаги экспозициялар жонли, тушунарли ва ҳар бир қатламида катта меҳнат сезилади. Бу жой нафақат олимлар, балки ёшлар, сайёҳлар ва кенг жамоатчилик учун ҳам жуда қизиқарли. Экспозициялар, интерактив ўйинлар, кўргазмали материаллар — буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг улкан тарихини янада равшанлаштириб беради. Бу ердаги ҳар бир экспонат, ҳар бир тасвир — бизнинг умумий тарихи­миз ва қадриятларимизнинг ёрқин ифодаси. Туркий мамлакатлар ва Озарбайжондан келадиган меҳмонларга албатта бу марказни кўришни тавсия қиламан, — дея таъкидлади у.

 

 

Ташриф якунида делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказининг маданий, тарихий ва илмий аҳамиятини юқори баҳолаб, бундай масканлар мамлакатлар ўртасидаги маънавий ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини таъкидладилар.