“Келажак мероси”: нафақат халқаро мукофот, балки...


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиеёвнинг яна бир ташаббуси халқаро миқёсда ўзига хос ва қимматли қадам бўлди: “Келажак мероси” нафақат халқаро мукофот, балки минтақа ижодкорлари учун янги куч, янги рағбат асоси, дейиш мумкин...

 

Жорий йилнинг 13-15 ноябр санасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Президент Шавкат Мирзиеёв ташаббуси билан ўтказилган халқаро конгресс жуда таассуротларга бой ўтди. “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” мавзусидаги халқаро конгресс минтақа ва Озарбайжонни маърифатни кенг тарғиб қилиш йўлидаги бирлашув бўлди. 


Анжуман доирасида делегация учун ташкил этилган Марказ билан танишувдан тортиб экспозициялардаги ноёб артефактлару санъат кўргазмаларигача, шунингдек, маърифатчиларнинг муҳокама йиғилишларидан илгари сурилган ташаббусларгача барчаси алоҳида кайфият улашди.


Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг конгресс қатнашчиларига йўллаган табриги барча иштирокчиларда кўтаринки руҳ бағишлади.
 


Президент табригида жумладан шундай дейилади: 

 

«Маълумки, Марказий Осиё ва Озарбайжон халқларини кўп асрлик дўстлик ва биродарлик ришталари, умумий тарих ва маданият, бебаҳо маънавий ва илмий мерос бирлаштиради. Конгрессни ўтказиш учун aynan Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг танланиши бежиз эмас. Ушбу бетакрор интеллектуал-маънавий мажмуада сизлар уч минг йиллик шонли тарихга, жумладан Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига гувоҳ бўласиз, шу билан бирга Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти ва келажагини акс эттирувчи экспозицияни томоша қиласиз.


Биз барчамиз биргаликда Марказий Осиёнинг улкан тарихга эга илм ва маърифат маркази сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш учун фаол ишлар олиб боришимиз зарур. Бугунги форум бизнинг илмий ва маданий ҳаётимизни ривожлантиришда самарали майдон бўлишига ишонаман». 


Конгресснинг энг ёрқин лаҳзаси эса бу Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Келажак мероси” халқаро мукофоти тақдирлаш маросимидир. Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилган тақдирлаш маросимида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон Президентлари иштирок этишди.
 


Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан таъсис этилган халқаро мукофот адабиёт, маданият, санъат, фан, таълим ва рақамли технологиялар соҳаларида катта ютуқларга эришган юртимиз ва хорижий ижодкорларни рағбатлантиришга қаратилган.


Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон вакилларидан бир неча нафари қуйидаги номинацияларда тақдирланишди:


▪️“Адабиёт”  йўналишида Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Раев


▪️“Маданият” йўналишида — Тожикистон халқ шоири Давлат Сафарзода


▪️“Театр ва кино” йўналишида — М. Авезов номидаги Қозоғистон Миллий драма театри актёри Еркебулан Дайиров


▪️“Мусиқа ва рақс” йўналишида — Озарбайжон халқ артисти Алим Гасимов


▪️“Тасвирий ва амалий санъат” йўналишида — Туркманистон халқ артисти Бабасари Аннамирадов


▪️“Фан, таълим ва рақамли технологиялар” йўналишида — Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги халқаро марказ директори ўринбосари, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Дилафруз Эгамбердиева.

 

Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Раев Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан йўлга қўйилган ушбу мукофот минтақа миқёсидаги энг нуфузли лойиҳалардан бири эканлигини эътироф этди:

 

– Келажак мероси халқаро мукофоти Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан йўлга қўйилган минтақа миқёсидаги энг нуфузли лойиҳалардан биридир. Бу мукофот нафақат Марказий Осиё халқлари, балки бутун туркий дунё маданияти, илми, тили ва маънавиятини ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим платформага айланиб бормоқда. Ушбу эътироф халқларимизнинг умумий тарихий мероси, қадимий анъаналари ва маънавий умум жиҳатларини янада чуқур ўрганишга, уларни кенг тарғиб қилишга, маданий ва маърифий соҳадаги ҳамкорликни юқори босқичга олиб чиқишга катта руҳий ва амалий туртки беради. Шу билан бирга, “Келажак мероси” мукофоти давлатларимиз ўртасидаги маданий, илмий ва таълим соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, дўстлик ва бирдамликни чуқурлаштириш борасида муҳим қадам бўлиб, минтақавий ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда, – дейди С. Раев.

 

Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Дилфуза Эгамбердиева эса бу тарихий масъулият, шу билан бирга юрт номини муносиб ҳимоя қилиш эканлигини қайд этди.

 

– Давлат раҳбаримиз томонидан таъсис этилган “Келажак мероси” халқаро мукофотига сазовор бўлганимдан жуда миннатдор ва хушнудман. Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон раҳбарлари иштирокида бу юксак мукофотни қабул қилиш мен учун катта шарафдир. Беш давлат вакиллари орасидан танланган лауреатлар қаторида бўлиш — бу тарихий масъулият, шу билан бирга юртим номини муносиб ҳимоя қилиш демак. Аҳамиятлиси, бу йўлда аёл олим сифатида мукофотга лойиқ кўрилган ягона номзод бўлдим. Бу эса мамлакатимизда аёлларнинг илмий ва ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлашга давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилаётганидан далолат беради. Мен қишлоқ хўжалиги соҳасида илм-фан ва инновациялар билан шуғулланаман. Жаҳон фанлар академияси мукофотига сазовор бўлган бўлсам-да, айнан Ватаним номидан берилган бу мукофот мен учун алоҳида қимматга эга. “Kелажак мероси” ташаббуси — фақат мукофот эмас, балки қардош давлатларни бирлаштирадиган, илм-фан, маданият ва санъатни ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим лойиҳадир. Бу ташаббус халқаро миқёсда ҳам ўзига хос ва қимматли қадам бўлиб, дўстона ҳамкорлик ва барқарор келажакни шакллантиришга хизмат қилади,– деди Д. Эгамбердиева.

 

 

 – Ушбу имконият нафақат шахсий фаолиятим учун, балки халқларимиз ўртасидаги маданий ва маънавий алоқаларни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиеёв ташаббуси билан таъсис этилган “Келажак мероси” юксак мукофотига лойиқ топилганим учун самимий ташаккур билдираман. Бу эътироф менга янги илҳом, масъулият ва фаолиятимни янада юқори даражада олиб бориш учун катта куч бағишлайди, – деди Тожикистон халқ шоири Давлат Сафарзода.

 

 

 – Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжондан турли соҳаларда фаолият юритаётган етук мутахассисларнинг “Келажак мероси” халқаро мукофотига муносиб кўрилгани бу минтақамиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг яна бир ёрқин намунасидир. Ушбу эътироф бизга давлатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, умумий тарих, тил ва қадриятларимизни тарғиб этиш, шу билан бирга маданий ва маърифий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам туртки бўлади. Бу мукофот мен учун катта масъулият бўлиб, келгусида ҳам юртимиз шарафини муносиб ва фидоийлик билан ҳимоя қилишга илҳом бағишлайди, – деди М.Авезов номидаги Қозоғистон Миллий драма театри актёри Еркебулан Дайиров.

 

– Ижодкор инсонлар яратган асарлар доимо яшаши, келажак насллар улардан ўрнак олиши керак. Меҳнатимизни қадрлаганлари учун Ўзбекистон Президентига ва халқига миннатдорлик билдирамиз. Ижод аҳлига, ҳунармандларга, адабиёт ва санъат вакилларига бундай имконият яратилиб, мана шундай мукофотларнинг таъсис этилгани, санъат ва маданиятимиз, анъаналаримиз келажак авлодларда ҳам давом этишига хизмат қиладиган ниҳоятда муҳим қадриятдир, – деди Озарбайжон халқ артисти Алим Гасимов.


Етакчилар ҳузурида лауреатларга мукофот статуэткаси, диплом ҳамда пул мукофотлари топширилди.


Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” мавзусидаги халқаро конгресснинг 250 га яқин қатнашчилари ҳам иштирок этди. 


Давлат раҳбарлари совриндорлар билан суратга тушдилар.