Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Туркияда Қўлёзмалар бошқармаси раҳбари билан учрашди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Туркия Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Қўлёзмалар бошқармасида бўлди ва бошқарма раҳбари Жошкун Йилмаз билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар тобора юксак босқичга кўтарилаётганлиги, бу жараёнда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги юқори даражали келишувларнинг катта аҳамият касб этиши қайд этилди. Жошкун Йилмаз Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюрган вақтда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан катта таассурот олганини таъкидлади.
-Ўзбек ва турк халқлари ягона тарих ва маданий меросга эга бўлган халқлар қаторига киради. Қўлёзмалар бошқармасида сақланаётган кўплаб қўлёзмалар ҳар икки халқнинг умумий бойлигини ташкил этади. Шу боис, бу бойликларни ўрганиш ва қўлёзмаларни илмий ҳамкорликда ўрганиш учун ҳаракатларни бирлаштиришимиз зарур, - деди Жошкун Йилмаз.
Учрашув давомида қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан амалга оширилаётган “Қуръони Каримнинг 100 нодир қўлёзмаси” ҳамда “Ўзбекистонга оид 100 нодир қўлёзма” лойиҳаларини давом эттириш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, Туркия Қўлёзмалар бошқармасига қарашли Сулаймония кутубхонасида сақланаётган 800 мингдан ортиқ қўлёзмалар орасида Ўзбекистон маданий меросига алоқадор қўлёзмалар ҳам катта ўрин эгаллаши қайд этилди. Келгусида ушбу қўлёзмаларни ҳамкорликда ўрганиш, факсимиле нашрларини тайёрлаш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш масалалари келишиб олинди.
Шунингдек, қўлёзмаларни ўқиш ва ўрганишда сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланиш зарурлиги ҳам таъкидланди. Айни пайтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида тарихий қўлёзмаларни жорий алифбога ўтказиш ишлари учун узоқ муддатли ҳамкорликлар олиб борилмоқда. Келгусида Сулаймония кутубхонасидаги қўлёзмаларни ўрганишда ҳам ушбу ҳамкорлик натижалари қўлланилиши режалаштирилмоқда.
Учрашув сўнгида Туркия Қўлёзмалар бошқармаси раҳбари Жошқун Йилмаз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига буюк аллома Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарининг факсимил нусхасини ҳадя қилди.
Эслатиб ўтамиз, XI аср бошларида яратилган ушбу нодир қўлёзманинг ягона нусхаси Туркия Миллат кутубхонасида сақланади. Қўлёзмалар бошқармаси томонидан мазкур асарнинг саноқли факсимил нусхалари чоп этилган бўлиб, ушбу факсимил нусха Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилиши кутилмоқда.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа