Китоблар дипломатияси: Марказий Осиё халқлари учун янги маърифий дўстлик жавонлари очилди!

 

 

 

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази минтақанинг етакчи кутубхоначиларини бирлаштирган муҳим маърифий майдонга айланди.


Жорий йилнинг 13-15-ноябр кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” мавзусидаги халқаро конгрессга мезбонлик қилиб, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, шунингдек, Озарбайжон маърифатчиларини фикр алмашишга чорлади. 


Бўлиб ўтган халқаро конгресс доирасида минтақа делегациялари бу йўналишдаги бугунги замон талабига мос самарали инновацион  тажрибаларни оммалаштиришни муҳокама қилишди. Бу борада Марказ кутубхонасида яратилган шарт-шароит ва имкониятлар намуна сифатида таҳлил қилинди. Шунингдек, конгресс доирасида минтақа делегациялари ўз мамлакатларининг адабий, тарихий ва маданий меросига оид қимматли китоблар, жуда ноёб илмий-адабий нашрларни марказ кутубхонасига тақдим этишди. 

 


Марказ кутубхонасида ҳар бир давлат учун алоҳида жавонлар ташкил этилиб, унда тақдим этилган китоблар жойлаштирилди.

 

Ушбу жавонлар Марказий Осиё халқларини боғлаб турган дўстлик, маънавий яқинлик ва маданий бирдамликнинг ёрқин рамзларидан бирига айланди. 

 

Тақдим этилган китоблар орасида Абай Қононбоев, Махтумқули Фироғий, Чингиз Айтматов, Садриддин Айний ва Низомий Ганжавий каби буюк мутафаккир ва адибларнинг асарлари ўрин олгани ташаббус аҳамиятини янада оширди.

 

 

А. Усмонова номидаги Қирғизистон Миллий кутубхонаси директор ўринбосари Рыскул Жумакадир қизи кутубхонанинг замонавий инфратузилмаси ва тадқиқотчилар учун яратилган шароитларга юқори баҳо берди:

 

– Кутубхонанинг бой фонди, замонавий хизмат тизими ва 300 минг нашрга мўлжалланган сақлаш хонаси бизда катта таассурот қолдирди. Қирғизистондан олиб келинган китоблар учун алоҳида жавон ажратилгани ҳам биз учун муҳим ҳодиса. Болалар зонаси, хавфсизлик тизими ва IT инфратузилмаси жуда юқори даражада”, — деди у.

 

 

Қозоғистон Миллий фанлар академияси кутубхонаси бўлим бошлиғи Алмагул Аюпова ҳам Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази имкониятларини юқори баҳолади:

 

– Марказнинг меъморий қиёфаси, замонавий экспозициялари, айниқса, Қуръон хонасидаги ноёб қўлёзмалар бизда катта ҳаяжон уйғотди. Қозоғистон нашрларининг алоҳида жавонга жойлаштирилиши маданий ҳамкорлигимиз мустаҳкамлигини яна бир бор тасдиқлади”, — дея таъкидлади Қозоғистон делегацияси вакиласи.

 

Конгресс ишида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, “Турон” ахборот-кутубхона маркази, Республика Марказий кўзи ожизлар кутубхонаси мутахассислари ҳам фаол қатнашди ва минтақавий ахборот алмашинувига ўз ҳиссасини қўшди.