Тарихий меросни қандай тарғиб этиш керак? Марказий Осиё медиаси ечим топмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Президент Шавкат Мирзиеёв ташаббуси билан ўтказилган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” халқаро конгресси доирасида маданий-маърифий медиа йўналиши ҳам кенг қамровли муҳокамалар ўтказилди. Шўъба йиғилишида миллий қадриятларни экран орқали тарғиб этиш, ҳужжатли ва маърифий лойиҳаларнинг жамият онгига таъсири, рақамли журналистика тенденциялари, интерактив форматлар ҳамда тарихий меросни замонавий медиатехнологиялар орқали намойиш этишнинг аҳамияти ҳақида фикр алмашилди.
Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Озарбайжондан медиа мутахассислари иштирок этдилар.
Йиғилишда маданий-маърифий телеканалларнинг жамият маънавий юксалиши ва ахборот майдонидаги масъулияти ҳақида фикр юритилди. Шу билан бирга, “Севимли” телеканали фаолияти мисолида Ўзбекистонда илмий-маърифий телеконтентни ривожлантиришга бағишланган махсус видеоролик намойиш этилди.
Шунингдек, шўъба йиғилишида Қозоғистоннинг “Abay” телеканали директори Эркин Мухамеджанов, Туркманистон “Несил” газетаси масъул котиби Оразмурад Мурадов, Озарбайжон “Report.az” ахборот агентлиги директори Фуад Ҳусейналиев ва “Sevimli” телеканали бош директори Жалолиддин Сафоев маърузалар билан қатнашдилар.
Қозоғистоннинг “Abay” телеканали директори Эркин Мухамеджанов Ислом цивилизацияси марказига ташрифдан катта таассурот қолганини таъкидлади:
“VII асрда ёзилган Қуръон нусхасининг Марказ музейи Қуръон залидан ўрин олишининг ўзи улкан тарихий воқеа. Марказнинг замонавий технологиялар асосида яратилган экспозициялари олимлар, журналистлар ва сайёҳлар учун беқиёс манбадир,” — деди у.

Озарбайжонлик эксперт Фуад Ҳусейналиев ҳам Марказни жаҳон илм-фан жамоатчилиги учун муҳим тадқиқот майдони сифатида эътироф этди:
“Бу ерда инсоният тарихи ва ислом цивилизацияси бир бутун концепцияда намойиш этилган. Ҳазрати Усмон мусҳафи — марказнинг энг ноёб экспонатларидан бири. Замонавий инфографика ва интерактив ечимлар марказни халқаро майдонда янада жозибадор қилади”, — деди у.
“Sevimli” телеканали бош директори Жалолиддин Сафоев эса ОАВнинг маънавий-маърифий жараёнлардаги ўрнига алоҳида эътибор қаратди:
“Тарихий меросни халқ онгига тўғри ва холис етказиш — ОАВнинг устувор вазифасидир. Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши минтақа мамлакатларини бирлаштирувчи муҳим маданий дипломатия қадами ҳисобланади,” — деб таъкидлади у.
Тожикистон ҳукумати қошидаги Телевидение ва радио комитети муҳаррири Зуҳриддин Умаров ҳам бугунги ахборот даврида телевидениенинг ўрни жуда аҳамиятли ва долзарблиги ҳақида тўхталди:
Президент Шавкат Мирзиеёв ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида жуда ноёб лойиҳа. Марказ музейидаги бўлимлар, хусусан, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари ва ҳозирги янги Ўзбекистон қўлга киритаётган ютуқларнинг ҳам қадимий, ҳам бугунги замонга уйғунлаштирилган ҳолда кўрсатилгани улкан таассурот қолдирди. Музейда бугунги кунда кенг фойдаланилаётган сунъий интеллектдан манфаатли фойдаланилгани алоҳида таҳсинга сазовор. Албатта, сунъий интеллектнинг айрим салбий томонлари ҳақида ҳам кўп гапириляпти. Аммо марказга келиб сунъий интеллектдан манфаатли фойдаланишимизлигини бевосита гувоҳи бўлдик. Ўйлайманки, Тошкентда минтақани бирлаштирган халқаро конгресс кейинги ҳамкорликларимизни мустаҳкамлашга яна ўзининг улкан ҳиссасини қўшади.
Шунингдек, минтақавий медиа ҳамкорлиги кенгайиб, Ислом цивилизацияси маркази медиа мулоқотининг янги дўстлик кўпригига айланганини қайд этилди.
Йиғилиш якунларига кўра қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди:
• минтақада маданий-маърифий телеканаллар фаолиятини такомиллаштириш;
• ҳужжатли фильмлар ва тарихий-маърифий лойиҳаларни ривожлантириш;
• интерактив форматлар ва рақамли медиа платформаларда қўшма дастурлар тайёрлаш;
• Марказий Осиё ва Озарбайжон медиа ташкилотлари ўртасида тажриба ва контент алмашинувини кенгайтириш.
Шўъба муҳокамалари натижасида маданий-маърифий медиа соҳасидаги минтақавий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Шу билан бирга, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг маданий дипломатиядаги роли очиқ-ойдин намоён бўлди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа