Бошқирдистон делегацияси Ислом цивилизацияси марказида: “Бу марказ тарихни жонлантирган улкан маънавий мактаб”



 

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё тарихини замонавий, илмий ёндашув билан уйғунлаштирган ҳолда жаҳон ҳамжамиятига тақдим этаётган ноёб маскан сифатида кун сайин эътибор қозонмоқда. Ушбу муҳим илмий-маърифий марказга Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикасидан юқори мартабали ҳукумат делегацияси ташриф буюрди.

 

Ташриф давомида делегация аъзолари  марказнинг илмий консепсияси, экспозициялар тузилиши ва рақамли ёндашувлар билан танишдилар.

 

 

Бошқирдистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, саноат, энергетика ва инновациялар вазири Александр Шелдяев:

 

“Ҳар сафар Ўзбекистонга келганимизда, Россия Федерацияси - Бошқирдистон Республикасидан катта делегация билан ташриф буюрамиз. Бу гал Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси Марказини кўриб, яна бир бор ҳайратда қолдик. Марказнинг миқёси, кўлами, мазмуни - буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг қандай улкан ишлар қилаётганидан далолат беради.

 

Бу марказ — Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва ғояси асосида барпо этилган улкан лойиҳа. Бизнингча, айнан шундай марказлар бўлиши керак: келажак авлодлар келиб, Исломнинг қандай шакллангани, қандай буюк алломалар етишиб чиққани ва тарих қандай ривожлангани ҳақида чуқур маълумот олади.

 

Мен буни очиқ айта оламан, бу марказ биз кўрган ислом марказлари ичида бутун жаҳонда энг яхшиларидан биридир. Шунинг учун Шавкат Миромоновичга шундай беназир илм-маърифат масканини яратгани учун чуқур миннатдорчилик билдирмоқчиман”. 

 

Ташриф давомида делегация аввало Қуръон залини кўздан кечирди. Улар ранг, ёруғлик ва илмий изоҳлар уйғунлиги билан ташкил этилган ушбу залда Исломнинг маънавий мероси қай даражада юксак ҳурмат билан намойиш этилганини алоҳида қайд этдилар.

 

 

 

Бошқирдистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар ва конгресс фаолияти вазири Маргарита Боличева:

 

“Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва ғояси асосида барпо этилган бу марказ тарихга шўнғиш, нафақат Ўзбекистон, нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё тарихини ўрганиш учун муҳим ва ажралмас маданий-тарихий марказ ҳисобланади. Бу ерда дунёдаги энг катта Қуръонлардан бири, асл тангалар, тарихий объектлар ва жуда чуқур тарихий аҳамиятга эга нарсалар жамланган, улар орқали дунё тарихини қадам-бақадам қайта тиклаш мумкин. Мазкур музейнинг ноёб рақамли ва интерактив қисми ушбу улкан тарихий маълумотларни осон, қизиқарли ва тушунарли тарзда қабул қилиш имконини беради, шунингдек, ҳар доим қайтиб келиб, ҳар бир экспонатни батафсил ўрганишга ундайди. Бу ерда дунёнинг бошқа ҳеч бир бурчагида топиб бўлмайдиган ноёб нарсалар мавжуд. Шунингдек, бу ерда дунёнинг кўплаб халқаро музейларида, жумладан Эрмитажда сақланаётган нусхалар ҳам жамланган. Яъни ноёб тарихий экспонатларни кўриш учун бутун дунё бўйлаб саёҳат қилиш шарт эмас, Ислом цивилизацияси марказига келиб, буларни асл ҳажмида кўриш мумкин”. 

 

Бошқирдистон Республикасининг Россия Федерацияси Савдо миссиясидаги вакили Алберт Шайхутдинов эса ташриф якунида Ўзбекистон ва Башқирдистон ўртасида илмий-маданий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, Ислом мероси тадқиқоти, маданий алмашинув ва кўргазма лойиҳаларида биргаликда ишлаш бўйича қизиқиш билдирганини айтди.

 

 

Бошқирдистон делегациясининг таассуротлари шуни англатадики, Марказ нафақат ташриф буюрувчиларни ҳайратда қолдиради, балки халқлар ўртасидаги тарихий яқинлик, маданий меросга бўлган ҳурмат ва илмий ҳамкорликни янада чуқурлаштирадиган кучли маънавий майдон яратмоқда.