Нью-Йорк мэри: “Бу марказ исломнинг ҳақиқий мазмунини очиб берувчи улкан ютуқ”

 

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри мэри Эрик Адамс бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.


Ташриф давомида меҳмонларга марказнинг асосий йўналишлари, илмий-маърифий вазифалари ва унда жамланган бой тарихий мерос ҳақида батафсил маълумот берилди. Делегация аъзолари қадимий қўлёзмалар, нодир артефактлар, замонавий интерактив технологиялар асосида яратилган экспозициялар билан яқиндан танишди.

 

 

 

 

-Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан бунёд этилган мазкур марказ билан танишар эканман, маҳобати ҳайратга солди. Ислом цивилизацияси марказини кезарканман, исломнинг асл моҳияти — тинчлик, инсонпарварлик ва бой тарихий меросга асосланган улкан цивилизация экани янада чуқурроқ англашилди. Бу ерга келган ҳар бир инсон исломнинг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини холис кўриш ва қайта кашф этиш имконига эга бўлади. Марказдаги замонавий технологиялар ва сунъий интеллект асосида намойиш этилаётган материаллар ниҳоятда юқори савияда. Маълумотларнинг видеолар, интерактив кўргазмалар ҳамда сунъий интеллект асосидаги визуал композициялар орқали тақдим этилиши ёш авлод ва барча ташриф буюрувчилар учун жуда катта имконият яратади. Бу, албатта, таҳсинга сазовор, - деди Ню-Йорк шаҳри мэри Эрик Адамс.

 

Шунингдек, Нью-Йорк шаҳри мэри Эрик Адамс марказни томоша қилар экан, Исломдан аввалги давр, Биринчи Ренесанс даври ва Қуръони Карим зали билан яқиндан танишди.

 

 


Ташриф самимий суҳбат ва фикр алмашувлар билан якунланди.