Марказий Осиё ва Озарбайжон: янги форматдаги ҳамдўстлик

 

 

Бугун биз чинакам бирдамлик босқичига ўтяпмиз. Бизнинг минтақамизда узоқ йиллар давомида илк бор биргаликда олдинга қараб боришимиз учун пойдевор бўлиб хизмат қилаётган ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳурмат муҳити шаклланмоқда. Бу — ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган жараён эмас, балки умумий тақдири ва биргаликда тараққий этиш салоҳиятини англаб етган мамлакатларимиз етакчиларининг аниқ мақсадга қаратилган саъй-ҳаракатлари ва сиёсий иродаси натижасидир.

 

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

2025-йил 13-15 ноябрь кунлари пойтахт Тошкент яна муҳим тарихий воқеаларга мезбонлик қилди. Биринчидан, Марказий Осиё республикалари  раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Кун тартибида турган қатор долзарб масалаларнинг ва келажакдаги режаларнинг муҳокамаси ва қабул қилинган қарорлар билан бир қаторда йиғилишда Озарбайжон Республикаси Маслаҳат кенгашининг тўлақонли аъзолигига қабул қилинди. Шундай қилиб, Марказий Осиё – Жанубий Кавказ ягона ташкилотда бирлашди. Ушбу ҳудудда биринчи навбатда транспорт йўлакларини ривожлантириш, Яқин Шарқ ҳамда Европа бозорларига чиқиш учун транспорт йўлакларини ривожлантириш имкониятлари кенгайди.


Тарихи, маданияти, дини, маърифий  мероси муштарак бўлган ушбу давлатлар ҳамдўстлиги албатта минтақада тинчликни барқарорлаштириш ва ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. 


Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон республикаси раҳбарларининг саммити кунлари Ўзбекистон Республикаси Етакчисининг ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказида  “Марказий Осиё: умумий маданий-маърифий мерос, умумий келажак” халқаро конгресси ўтказилди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Марказий Осиё Халқаро институти ҳамкорлигида ташкил этилган конгресс ишида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан 300 га яқин  илм-фан, таълим, маданият, дин, адабиёт ва санъат намояндалари иштирок этди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  конгресс иштирокчиларига йўллаган қутлови тадбир иштирокчиларини тўлқинлантириб юборди. Унда жумладан шундай дейилганди:

 

“Бугунги мураккаб даврда, дунёда зиддият ва можаролар кучайиб бораётган бир пайтда, тарихдан сабоқ олиш, тинчлик ва барқарорликни асраш, барча соҳаларда илм ва маърифатга таяниш, халқлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш — энг долзарб вазифаларимиздан бири бўлиб қолмоқда. Ишончим комилки, мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш, гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бугунги форум илмий ва маданий мулоқот учун самарали майдонга айланади”.


Озарбайжон Республикаси Маданият вазири Одил  Каримлининг айтишича:

 

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро конгрессдаги маърузаси минтақамиз мамлакатлари учун тинчлик, ўзаро ҳурмат иштирокчиларига йўллаган мурожаати илм-маърифатнинг бугунги ҳаётимиздаги ўрнини таъкидловчи кучли ва руҳлантирувчи эслатма бўлди. Унинг маънавий меросни асраб-авайлаш ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга урғу бериши Озарбайжоннинг расмий позициясига тўлиқ мос келади. Халқаро конгресс мамлакатларимиз илмий ва маданий ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилишини яна бир бор тасдиқлади. Ишончим комилки, форум натижалари қўшма ташаббусларга, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга янгича суръат бағишлади”.


Конгресс халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, илмий ва маданий муассасалар вакилларини, шунингдек Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Озарбайжондан келган олимлар ва санъат арбобларини ягона платформага чорлади.

 

“Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши тарихий воқеадир, - дейди  Озарбайжон Фанлар академияси Археология ва антропология институти  раҳбари Фарҳат Гулиев.

 

- Бу ерда умумий маданиятимиз чуқур илм-фан ва таълимга асосланганлигини кўрдик. Мен Ўзбекистон Президентига ҳар доим тан бериб келаман. Унинг ташаббуси билан  бутун туркий дунёда янги Уйғониш даври бошланмоқда. Ҳозир бизнинг умумий мақсадимиз – бу марказ орқали ёшларни интеграциялаш, ўзбек, озарбайжон, қозоқ, туркман, тожик  ва қирғиз ёшлари ўзларини ягона маданий макон ва ягона мафкуранинг бир қисми деб билишлари учун. Қорахонийлар давридан то Салжуқийларгача бўлган буюк меросимизни ўрганишда ҳамкорлик қилишга, ҳисса қўшишга тайёрмиз. Марказнинг мақсадлари жуда эзгу ва биз уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз”.

 

Уч кун давом этган ушбу нуфузли анжуманда 30 дан ортиқ тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари, шўъба йиғилишлари, кўргазмалар, намойишлар, тақдимотлар ўтказилди. 


Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари билан танишув, ялпи ҳамда секцияларда ўтказилган йиғилишларда янграган фикрлар ҳамда таклифлар қардош республикалар зиёлилари вакилларидаги умумий маданий-маърифий мерос, умумий тарихга дахлдорлик туйғуларини янада мустаҳкамлади, самимий фикр алмашинувлар, келажакда ҳамкорликда амалга ошириладиган илмий-амалий режалар тузишга кенг имконият яратди. Тадбир иштирокчиларининг фикрлари буни яққол тасдиқлайди.

 

“Ушбу конгресс қадимдан Марказий Осиёнинг буюк санъат ва маданият арбобларини илҳомлантирган ва бирлаштирган буюк умумий маънавий меросимизни бутун дунёга эслатиш учун чинакам ноёб ва тарихий имконият бўлганига чин дилдан ишонаман, - деди Қозоғистон Республикаси Миллий Фанлар Академияси вице-президенти Асқар Жумадилдаев.

 

- Президент Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаганидек, минтақамиз ҳамиша жаҳон цивилизацияси, илм-фан ва маданиятининг муҳим маркази бўлиб келган. Бугунги кунда ана шу бебаҳо маданий анъаналарни асраб-авайлаш, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ва яхши қўшничилик ришталарини изчил мустаҳкамлаш йўлида кучларимизни бирлаштириш зарурлигини даврнинг ўзи тақозо этаётир”.

 

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё: ягона маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” халқаро конгресси иштирокчиларига йўллаган мурожаатида билдирилган фикрлар юксак эътирофга молик, - дейди Тожикистон Республикаси Маданият вазири Матлубахон Сатториён.

 

– Унда минтақамизнинг асосий қадриятлари – тинчлик, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлаш масалалари яққол акс этлган. 300 дан ортиқ олим, тадқиқотчи ва маданият арбобларини жамлаган конгресс  умумий маънавий меросимизни асраб-авайлаш борасидаги муштарак муҳокамалар учун муҳим майдон бўлди. Ишончим комилки, форум натижалари минтақамиз мамлакатлари ўртасида маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги лойиҳалар ишлаб чиқиш, таълим соҳасидаги умумий ташаббусларни янада илгари суриш учун хизмат қилади”.


15 ноябрь куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VII Маслаҳат учрашувида қатнашаётган Президентлар Ўзбекистондаги  Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар. 


Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида мусулмон оламининг бебаҳо маънавий дурдонаси - Усмон Мусҳафи сақланаётган Қуръони карим зали, Исломдан аввалги давр, Биринчи Ренессанс, Иккинчи ренессанс, Янги Ўзбекистон экспозициялари билан танишдилар.


Ташриф давомида ушбу  марказ Ислом цивилизациясининг бебаҳо меросини асраб-авайлаш ва тарғиб қилишга бағишланган ноёб манбалар, илмий тадқиқот ва таълим йўналишларини бир жойга жамлаган илк мажмуа эканлиги яна бир бор таъкидланди. Қардош мамлакатлар етакчилари минтақа мамлакатлари ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, маънавий-маърифий лойиҳаларни илгари суриш ва умумий гуманитар қадриятларни ривожлантириш муҳимлигини қайд этдилар.


Минтақанинг бой умумий меросини сақлаш ва тарғиб қилиш борасидаги Ўзбекистоннинг кенг кўламли саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берилди. Мажмуа замонавий тадқиқот маркази бўлиб хизмат қилишига, минтақа мамлакатлари ўртасида илмий  ва маданий ҳамкорлик учун янги уфқлар очишига ишонч билдирилди.

 

“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бунёд этилиши Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг халқларимиз диний ва миллий қадриятларига қаратган юксак эътибори ва ва садоқати тимсоли бўлди, - деди Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев.

 

– Бугун исломофобия дунё миқёсида тизимли тус олаётган бир пайтда Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши динимизнинг чинакам маънода илм-маърифат, бағрикенглик, инсонпарварлик ғояларини яққол намоён этади”.

 

“Ҳозир халқларимизнинг тарихий-маданий меросига таянган ҳолда минтақавий ўзликни мустаҳкамлаш жуда муҳим, - деди Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев.

 

- Ислом цивилизацияси - улкан, нодир, илмий, туристик ва этномаданий лойиҳадир. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан очилган  ушбу марказ Тошкентда муҳим илмий тадқиқотлар учун умумий майдонга айланиши мумкин”.


             
Шу куни Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон Президентлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан таъсис этилган “Келажак мероси” халқаро мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросимида ҳам иштирок этдилар.


Ушбу халқаро мукофот адабиёт, маданият, санъат, фан, таълим ва рақамли технологиялар соҳаларида катта ютуқларга эришган юртимиз ва хорижий ижодкорларни рағбатлантиришга қаратилган.


Ҳайъат қарорига кўра,  Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Раев “Адабиёт”, Тожикистон халқ шоири Давлат Сафарзода “Маданият”, М.Авезов номидаги Қозоғистон Миллий драма театри актёри Еркебулан Дайиров “Театр ва кино”, Озарбайжон халқ артисти Олим Қосимов “Мусиқа ва рақс”, Туркманистон халқ артисти Бабасари Аннамирадов “Тасвирий ва амалий санъат”, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги халқаро марказ директори ўринбосари, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Дилфуза Эгамбердиева “Фан, таълим ва рақамли технологиялар” номинацияларида  танловнинг илк ғолиблари бўлдилар.


Етакчилар ҳузурида лауреатларга мукофот статуэткаси, диплом ҳамда 10 минг долларлик пул мукофоти топширилди. Давлат раҳбарлари совриндорлар билан суратга тушдилар.


Марказий Осиёнинг давлатлари ва Озарбайжон ўзининг қадимий  тарихи, бетакрор маданияти ва бой маърифий мероси билан дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллайди. Бу ҳақиқат Марказий Осиё давлат раҳбарларининг навбатдаги саммити ва Халқаро конгресс давомида бир неча бор таъкидланди. 

 

“Мен бу конгрессни  инсоният цивилизациясидаги чинакам муҳим воқеа деб биламан, -  деди Қозоғистон Миллий Қизлар Педагогика Университети Сейфулла номидаги илмий кутубхона директори ўринбосари Лапо Петр.

 

- Ўрта аср Европаси қадимги дунё ҳақидаги билимларни айнан шу ердан, Марказий Осиёдан олган. Шу боис ислом маданиятимиз ва цивилизациямизнинг ғоялари бутун дунёда тўғри тушунилиши учун уни тарғиб қилиш бугунги кунда жуда муҳим. Ўзбекистон Президентининг маданият, санъат, адабиёт ва умуман, бутун ислом олами ривожига янгича туртки берган бу ташаббуси менда, айниқса, катта таассурот қолдирди. Ишонаманки, Ислом цивилизацияси маркази фаолияти халқларнинг бир-бирини яхшироқ тушунишига ёрдам беради ва шу орқали бутун инсониятнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшади”.

 

“Марказий Осиё: умумий маданий-маърифий мерос, умумий келажак” халқаро форуми  минтақа мамлакатларининг бирдамлиги, умумий қадриятларини мустаҳкамлаш ва келажак авлодлар учун буюк келажак яратиш йўлида муҳим қадам бўлди. 


Салкам 100 миллион аҳолига эга бўлган минтақа халқлари ўртасидаги дўстлик, қардошлик ришталарининг тобора мустаҳкамланиб бораётгани  Президентимизнинг кенг кўламли ташаббуси, саъй-ҳаракатларининг амалий  натижаси бўлди. Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё ва Озарбайжон миқёсда илм-фан, маданият ва маърифат, адабиёт  ва санъат, фан-таълим ва информацион технологиялар вакиллари иштирокида бу қадар йирик анжуман илк бор ўтказилди. Анжуман ниҳоясида Конгресс иштирокчилари томонидан махсус декларация қабул қилинди. 


Давлатимиз раҳбари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эшиклари нафақат Ўзбекистон, балки хорижий олимлар, мутахассислар ҳам учун доимо очиқ бўлиши, бу ерда илмий тадқиқотлар олиб бориш, ўзаро ҳамкорлик учун барча шароитлар яратилишини таъкидлаган эдилар. Бугун ана шу фикрлар рўёбини кўряпмиз. 


Ишонч билан айтиш мумкинки, дунёда ўзаро қарама-қаршиликлар, турли диний, миллий, сиёсий зиддиятлар ҳамон давом этаётган бир пайтда минтақамизда бирча жабҳаларда ҳамкорлик ва бирдамликнинг қарор топиши мамлакатларимиз тараққиётида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Куни кеча ўз ишини якунлаган конгресс ҳам ана шу ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик ифодаси бўлди. 


Фирдавс Абдухолиқов,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори