Озарбайжон Миллий Фанлар Академияси президенти: “Тошкентдаги конгресс – Марказий Осиё ҳамжиҳатлигида янги саҳифа”

 

 

 

Озарбайжон Миллий Фанлар Академияси президенти, академик Иса Апкер ўғли Габиббейли Тошкентда ўтказилган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” халқаро конгрессини Марказий Осиё халқлари ўртасидаги дўстлик, биродарлик ва илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқувчи муҳим тарихий воқеа сифатида баҳолади.

 

Академик ўз баёнотида конгресснинг аҳамиятини қуйидагича таъкидлади:

 

– Ушбу халқаро конгресс XXI асрнинг янги тарихий босқичида халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги интеграцияни янада кенгайтиради. Асосий мавзулар — маданий мерос ва маърифатпарварлик — қадимдан халқларни бирлаштирган, яқинлаштирган ва ўзаро англашувга йўл очган улкан қадриятлардир.

 

Габиббейлига кўра, Марказий Осиё ва Озарбайжон халқларининг бой маданий-тарихий меросини, маърифатпарварлик анъаналарини конгресс доирасида алоҳида муҳокама қилиниши келгуси ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб бермоқда.

 

У Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси асосида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ҳам юқори баҳолади:

 

– Бу Марказ — замонавий меъморчилик ва Шарқ анъаналарининг уйғун намунаси, ҳақиқий меъморий дурдона. У Ўзбекистоннинг ривожланиш салоҳияти ва маданий-маърифий юксалишини яққол намоён этади. Бу ерда кўрганларимиз тарих учун қўйилган мустаҳкам пойдевор, келажакнинг бошланғич нуқтаси ҳисобланади.

 

Академик фикрига кўра, конгресс Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасидаги бирлик, ҳамжиҳатлик ва дўстликни мустаҳкамлаб, янги тараққиёт босқичларини белгилашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.