Ягона ўтмиш, умумий келажак: Тошкентдаги тарихий форум минтақа учун янги йўл очди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Марказий Осиёнинг тарихий ва маданий мероси: ягона ўтмиш – умумий келажак” мавзусида Марказий Осиё давлатлари тарихчилари II форуми ўтказилди. Тадбир “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” халқаро конгресси доирасида ташкил этилди.
Бу йилги форум Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида тарихий таҳлил, илмий ҳамкорлик ва умумий концептуал йўналишларни белгилаш борасида янги босқични бошлаб берди. Анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Озарбайжоннинг фанлар академиялари, тарих институтлари вакиллари ва етакчи олимлари қатнашди. Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов модераторлигида ташкил этилган ялпи йиғилишда Озарбайжон Миллий ФА президенти Иса Габиббейли, Қирғизистон Миллий ФА президенти Канатбек Абдрахматов, Тожикистон ФА вице-президенти Муҳаммаддовуд Қаюм Саломиён, Қозоғистон ва Туркманистондан келган делегатлар нутқ сўзлаб, Марказий Осиё халқларининг умумий илдизлари ва тарихий меросини бирлаштирувчи омиллар ҳақида тўхталиб ўтдилар.
Қозоғистон Миллий ФАнинг академиги Аяган Буркитбай бу форумни минтақадаги илмий ҳамкорликнинг тарихий воқеаси сифатида баҳолади:
“Бу каби кенг қамровли туркий халқлар ёки Марказий Осиё давлатлари форуми ўтказилмаган. Бугун эса бизнинг халқлар умумий муаммоларни биргаликда муҳокама қила олаётгани катта ютуқдир,” — деди олим.
Форум доирасида қўшма резолюциялар, илмий, маданий ва гуманитар ҳамкорликнинг институционал асосларини кучайтириш масалалари кўриб чиқилди. Форум ялпи мажлис ва икки шўъба йиғилишидан иборат бўлди. Биринчи шўъба — “Марказий Осиё моддий маданияти ва маънавий мероси” — археология, меъморий ёдгорликлар, ислом даври маданияти ва халқларни бирлаштирувчи илмий анъаналарга бағишланди. Иккинчи шўъба — “Марказий Осиё тарихи: ўтмишдан замонавийлик сари” — Ипак йўли цивилизация роли, жадидчилик ҳаракати, тарихий манбаларни ўрганиш ва фан-таълим интеграцияси каби йўналишларда мунозаралар ўтказилди.
Тарих фанлари доктори, профессор Фарҳод Мақсудов тарихчилар форуми Марказий Осиёнинг умумий цивилизация жараёни эканини таъкидлар экан, шундай деди:
“Форум минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва умумий тарихни янги илмий ёндашувлар асосида ўрганиш имконини яратмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги фикрлари ҳам шуни тасдиқлайди — халқларимиз умумий тарих ва маданиятга эга, ундан келиб чиқиб интеграцияни кучайтиришимиз зарур.”
Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Қозоғистон Республикаси Миллий маркази музейи ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.
Шунингдек, қўшма тадқиқотлар, археологик экспедициялар, тарихий манбаларни рақамлаштириш бўйича янги ташаббуслар белгиланди. Марказий Осиё давлатлари тарихчилари II форуми минтақанинг илмий салоҳияти, маданий яқинлиги ва умумий тарихий жараёнлари яна бир бор барқарор ҳамкорликка асос бўлишини намоён этди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа