Швеция делегацияси: “Ўзбекистон — Марказий Осиёнинг интеллектуал юраги”
Марказий Осиёнинг бой илмий-маънавий мероси бугун дунё олимлари, дипломатлари ва тадқиқотчилари эътиборини тобора кўпроқ ўзига тортмоқда. Хусусан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази минтақанинг минг йиллик тарихини замонавий технологиялар билан уйғунлаштирган инновацион илмий-маърифий маскан сифатида халқаро меҳмонларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Швециянинг Ўзбекистондаги элчиси Томас Данестад ҳамда Швеция хавфсизлик ва тараққиёт институти директори, шарқшунос ва сиёсатшунос доктор Сванте Корнеллнинг марказга ташрифи ҳам ана шу қизиқишнинг яққол мисолидир.
Ташриф давомида меҳмонлар экспозициялар билан танишиб, Марказий Осиёнинг Уйғониш даврларида тутган ўрни, ўзбек алломаларининг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси ва Марказнинг илмий концепцияси ҳақида фикр билдирдилар.
Элчи Томас Данестад марказни “тарихни мутлақо янги услубда намойиш этаётган ноёб макон” деб атади:
“Бу жой шунчаки ҳайратланарли. Ўзбекистон тарихининг ўзи бой, аммо бу тарихнинг қандай кўрсатилгани янада таъсирли. Ғарб аудиторияси учун бу марказ ниҳоятда муҳим манба”, — деди элчи.
Унга кўра, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси асосида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат миллий тарихнинг замонавий шаклдаги намойиши, балки Ўзбекистоннинг глобал илмий харитадаги нуфузини ошираётган кучли бренд ҳисобланади. Элчи швециялик сайёҳлар ҳам айнан шу маскан туфайли Ўзбекистон тарихи ва меросига катта қизиқиш билдираётганини таъкидлади.
Доктор Сванте Корнелл эса марказнинг кўлами ва концепциясини юксак баҳолади:
“Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган бу марказ ислом оламида ягона. Бу ерга кирган ҳар ким Марказий Осиё минг йил аввал дунёнинг интеллектуал юраги бўлганини дарҳол ҳис қилади”, — деди у.
Унинг таъкидлашича, Марказий Осиёдаги ҳозирги минтақавий ҳамкорлик янги, учинчи Ренессанс даври учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Меҳмонлар Қуръон қўлёзмалари бўлими, Ренессанс даврларига бағишланган заллар ва “Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” экспозицияси билан танишдилар. Уларни Марказнинг мультимедиали ечимлари, илмий манбалари ва тўпламлари жуда қизиқтирди.
Швеция делегацияси ташриф якунида Ислом цивилизацияси марказини “нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда глобал илм-фан тарғиботининг муҳим маркази” деб баҳолаб, келгусида ҳамкорликни кенгайтириш ниятини билдирди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа