“Адабий дўстлик – абадий дўстлик” минтақа ижодкорлари учун янги платформага айланди
Тошкентда ўтган нуфузли халқаро конгресс доирасида ижод аҳли бир майдонга жамланди: “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” давра суҳбатида Марказий Осиё ва Озарбайжон ёзувчилари қардош халқларни ягона маънавий илдизлар, адабий мерос ва таржима маданияти бирлаштираётганини яна бир бор тасдиқлади.


Тошкент шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ҳукуматнинг амалий кўмаги билан ташкил этилган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” халқаро конгресси доирасида “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” мавзусидаги халқаро адабий давра суҳбати ўтказилди. Ушбу давра суҳбати 13–15 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган йирик маърифий конгресснинг муҳим маданий-адабий йўналишларидан бири бўлди.
Конгресс Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, WOSCU ва Марказий Осиё халқаро институти ҳамкорлигида ўтказилиб, умумий маданий маконни мустаҳкамлаш, адабий ҳамжиҳатликни кучайтириш ва минтақавий маънавий мулоқотни чуқурлаштиришни мақсад қилган. Конгрессда 350 га яқин халқаро ва маҳаллий ёзувчилар, олимлар, таржимонлар ва маданий арбоблар иштирок этди.
“Адабий дўстлик – абадий дўстлик” давра суҳбатида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Озарбайжондан келган таниқли адабиёт вакиллари иштирок этдилар.
Суҳбатнинг асосий мақсади — адабиёт орқали халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, бадиий таржималар самарадорлигини ошириш ва умумий маънавий илдизларга асосланган ижодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўлди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид адабий жараёнларнинг халқлар ўртасидаги англашув, дўстлик ва маънавий яқинликни ривожлантиришдаги ўрнига тўхталиб, ижодкорларнинг масъулияти ва умумий маданий маконни кенгайтириш имкониятларини таъкидлади.

Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмаси раиси Қанибек Имоналиев Ислом цивилизацияси марказига юқори баҳо бериб, уни Марказий Осиё ва туркий халқлар тарихи, илми ва маънавиятининг умумий қиммати ҳақида фикр билдирди:
– Бу бино фақат Ўзбекистонники эмас — бутун минтақа бойлиги. Қуръон зали, интерактив 3D кутубхонаси ва ҳар бир экспозиядаги руҳий энергия бизда кучли таассурот қолдирди.
У, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликда амалга оширилаётган таржималар, Чингиз Айтматов меросига бўлган ҳурмат, Қирғизистонда ўтказилган халқаро фестиваллар ва келгуси йил Иссиқкўлда бўлиб ўтадиган Айтматов форумига ўзбек ёзувчиларини таклиф қилиш ниятини билдирди.
Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи Адабиёт фонди директори Алиакбар Абдуллоев ўз нутқида Ислом цивилизацияси марказини “дунё миқёсидаги илмий ва маданий марказлар орасидаги дур” деб атади.
– Бундай мўъжизавий масканни қисқа вақтда барпо этиш, уни жаҳон стандартларига мос жиҳозлаш — улкан кашфиёт. Мусҳафнинг аслий нусхасини кўриш эса биз учун тарихий бахт бўлди, – деди Алиакбар Абдуллоев.
У Президент Шавкат Мирзиёевнинг бундай марказ яратиш орқали халққа абадий маънавий мерос қолдирганини алоҳида эътироф этди.
Тадбир доирасида Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи Адабиёт жамғармаси раҳбари Акбар Абдулло Сирожиддин Саййид ва Рисолат Ҳайдароваларга “Сухан” кўкрак нишонини топширди. Мукофот адабий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликка қўшган ҳиссалари учун берилди.
Давра суҳбатида қўшма адабий антологиялар тайёрлаш, таржима ва нашриёт ҳамкорлигини кенгайтириш, болалар адабиётида қардошлик лойиҳаларини йўлга қўйиш, ёш ёзувчилар учун халқаро ижодий дастурлар ташкил этиш каби аниқ таклифлар илгари сурилди.

“Адабий дўстлик – абадий дўстлик” ташаббуси халқлар ўртасидаги маънавий бирдамлик, адабий маданият ва ижодий муносабатларни мустаҳкамлаб, китоб, билим ва маърифат асосида умумий келажакни барпо этишда муҳим платформага айланмоқда.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа