Тошкентда Марказий Осиё ёшлари сунъий интеллект орқали маданий меросни сақлашни муҳокама қилишди


 

Тошкент шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” халқаро конгресси минтақа ёшларини ҳам бир мақсадда бирлаштирди.  Илм-фан, инновация ва маданий мерос туташган ушбу мулоқотда ёшлар ўз халқларининг ўтмишига таянган ҳолда янги рақамли авлодни қандай қуриш мумкинлиги ҳақида фикр алмашишди.

 

Конгресс доирасида “Ёшлар ва рақамли давр: қадимий қўлёзмалардан сунъий интеллектга” мавзусидаги шўъба йиғилишида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан келган ёш олимлар ва рақамли технологиялар соҳаси мутахассислари ҳамда давлат идоралари вакиллари иштирок этди.

 

 

Йиғилишда спикерлар рақамли ислоҳотларни амалга оширишда ёш кадрларнинг фаол иштироки, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари, сунъий интеллектдан давлат бошқаруви ва таълим тизимида фойдаланиш имкониятлари ҳақида ўз қарашларини билдирди. Шунингдек, қадимий қўлёзмаларни рақамлаштириш ва уларни сунъий интеллект ёрдамида тадқиқ этиш илмий фаолият билан бирга маданий масъулият эканига алоҳида эътибор қаратилди.

 

 

Отабекхўжа Собитов, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси:

 

– Тошкентда Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашуви доирасида ўтказилган халқаро конгрессда иштирок этиш мен учун катта шараф бўлди. Айниқса, Ислом цивилизацияси марказининг Қуръон зали, ноёб қўлёзмалар ва бебаҳо экспонатлар билан танишиш жараёнида чуқур ҳаяжон ва фахрни ҳис қилдим. Бу маскан биз ёшларни илм, маърифат ва тафаккурга етаклайдиган, халқимизнинг бой маданий меросини ўзида мужассам этган йирик маънавий марказдир.

 

Ўзбекистон Ёшлар парламенти раиси Отабекхўжа Собитовнинг таъкидлашича, мамлакатимизда ёшлар учун рақамли таълим ва инновацион экотизимни ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Мулоқот давомида ҳар бир давлатнинг сунъий интеллектни ривожлантириш борасидаги тажрибалари муҳокама қилинди. Ўзбекистоннинг бу йўналишда амалга ошираётган ишлари – Президент Шавкат Мирзиеёв ташаббуси билан йўлга қўйилган “1 миллион дастурчи”, “IT Парк” фаолиятининг кенгайтирилиши, рақамли технологиялар марказларининг ташкил этилиши, ИНҲА ва ТАТУ каби олий таълим муассасаларининг ихтисослашуви – ёшлар учун янги имкониятлар яратмоқда.

 

 

Туркманистон ёшлар делегацияси вакиласи Алтинай Маметназарова ўз нутқи давомида Ўзбекистондаги самимий меҳмондўстлик ва конгресснинг юксак даражада ўтказилганини алоҳида таъкидлади.

 

– Ҳозир бизда “Халқаро тинчлик ва ишонч” йили давом этмоқда. Шу боис, маданиятимиз, тарихимиз ва миллий меросимизни дунёга танитиш учун кенг имкониятлар яратилган. Биз ёшлар ҳам ўз халқимизнинг қадимий тарихи ва маънавий меросини тарғиб қилиш йўлида фаол ҳаракат қилмоқдамиз.

 

Тошкентда ўтган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” халқаро конгресси қардош халқлар ўртасидаги дўстликнинг қанчалик мустаҳкам эканини яна бир бор кўрсатди. Конгресс доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдик. Марказнинг меъморчилиги, кенг экспозициялари ва замонавий технологиялар асосида яратилган тақдимотлари бизда катта таассурот қолдирди. Айниқса, VII асрга оид, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган Усмон Мусҳафи Қуръонининг кўрсатилгани биз учун унутилмас лаҳза бўлди. Қуръонни кўрганимизда қалбимизда фахр ва ҳаяжон уйғонди, – дейди Алитинай Маметназарова.

 

Шўъба доирасида ёшлар стартапларини қўллаб-қувватлаш механизмлари, рақамли инновацияларни ривожлантириш, минтақавий ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Қатнашчилар ёш авлод учун рақамли келажакни яратиш, сунъий интеллектни давлат бошқаруви ва таълимга жорий этиш, маданий меросни замонавий технологиялар билан асраш каби вазифаларни биргаликда амалга ошириш зарурлигини таъкидладилар.

 

– Конгресс доирасида маданият, маърифат, тарих, китобхонлик ва ёшлар сиёсатига бағишланган бир қатор шўба йиғилишлари ўтказилди. Биз ушбу сессияларда Туркманистон ёшлар фаолияти ҳақида маълумот бердик.

 

Минтақа ёш делегациялари билан мулоқотлар ўзаро дўстлик ва маданий яқинликни янада мустаҳкамлади.

 

Бу каби халқаро учрашувлар қардош халқлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиради. Шундай йирик конгрессни ташкил этгани учун Ўзбекистон Президентига самимий миннатдорлик билдирамиз, – дейди туркманистонлик ёшлар вакиласи.

 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида жорий йилнинг 13-15-ноябр кунлари “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” халқаро конгресси бўлиб ўтди. Халқаро конгресс Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, WOSCU, Фанлар академияси ва Марказий Осиё Халқаро институти ҳамкорлигида ташкил этилди.