Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда ислом мероси ва замонавий илм маркази бирлашди



 

 

Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарихий ва маънавий меросни замонавий илмий муҳитда сақлаш ва ривожлантириш мақсадида халқаро конгрессга мезбонлик қилди. Конгресс доирасида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Ўзбекистондан диний, илмий ва маърифий муассасалар вакиллари иштирок этиб, минтақавий ҳамкорлик ва Ислом қадриятларини асраб-авайлаш масалаларини кенг муҳокама қилди.


Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” халқаро конгресси доирасида ислом қадриятларини муҳофаза қилиш ва илмий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган шўъба йиғилиши ташкил этилди. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Ўзбекистондан диний идоралар, илм-фан ва маърифат муассасалари вакиллари қатнашди.

 

Конгресс доирасида ташкил этилган шўъба йиғилиши минтақа халқларини бирлаштириб турган умумий маънавий ва диний мероснинг аҳамияти ҳақида кенг муҳокама майдонини яратди.

 

 

Ўш давлат университети Теология факультети декани Зайлабидин Ажимаматов Ислом цивилизацияси марказини Марказий Осиёдаги энг муҳим илмий-маърифий масканлардан бири сифатида таъкидлаб, қуйидаги фикрни билдирди:

 

“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази асрлар давомида шаклланган маърифий меросни замонавий асосда қайта жонлантирмоқда. Бу ердаги қўлёзмалар, экспозициялар ва илмий муҳит минтақавий тадқиқотлар учун беқиёс асос яратади”.

 

Унинг бу фикрлари конгресс иштирокчилари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Хусусан, марказнинг замонавий инфратузилмаси, рақамли технологиялардан фойдаланган экспозициялари ва илмий маълумотларни очиқ муҳитда тақдим этиш усули алоҳида эътироф этилди.

 

 

Қозоғистон мусулмонлари диний идораси масъул ходими Нурлан Қайрбеков ҳам конгресс ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди:

 

“Тошкентдаги конгресс доирасидаги тадбирлар илм аҳли учун катта майдон. Уламолар ва профессорлар билан очиқ мулоқот қилиш биз учун улкан тажриба бўлди”.

 

Шунингдек, у Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ислом маърифати ва маданиятини ривожлантириш борасидаги ташаббусларини алоҳида қайд этди:

 

“Бу каби марказнинг барпо этилиши — Президентнинг диний-маърифий соҳада амалий қадамлар қўяётганининг ёрқин далили. Бу халқ учун жуда катта хизмат”.

 

Тадбир давомида ислом қадриятларини асраб-авайлаш, ёш авлодни маънавий тарбиялаш, тарихий меросни сақлашга доир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Иштирокчилар Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Тошкент ислом университети ва Ҳазрати Имом мажмуасига амалий ташриф буюриб, марказлашган илмий муҳит билан танишдилар.

 

Конгресс иштирокчилари тадбирнинг аҳамиятини юқори баҳолаб, ислом қадриятларини муҳофаза қилиш, маърифий қадриятларни тарғиб этиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида бу платформанинг улкан ўрни борлигини таъкидладилар.


 

Тадбир келгусида қўшма илмий лойиҳалар, доимий мулоқот ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги маърифий интеграцияни янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.