“Агар ортда қолсак, тарихда қолиб кетамиз” – Марказий Осиё учун олимлардан муҳим чақириқ



 

Қозоғистон Фанлар академияси вице-президенти Аскар Жумадилдаев Марказий Осиё илм-фан аҳлини бирлаштирган халқаро конгрессни минтақа ва жаҳон олимлари учун “билим ва илмий ғоялар алмашинувининг бетакрор майдони” деб атади.



 

Аскар Жумадилдаев, Қозоғистон Фанлар академияси вице-президенти

 

– Ушбу конгресс Марказий Осиё ва бутун дунё тадқиқотчилари ўртасида билим, тажриба ва илмий ғоялар алмашиш учун бетакрор майдон ҳисобланади. Қозоғистон илми бугун халқаро майдонда ўз сўзини қатъий айта олаяпти. Бизнинг олимларимиз глобал лойиҳаларда иштирок этмоқда. Конгрессда иштирок этиш нафақат тажриба алмашиш, балки янги илмий ташаббуслар яратиш имконини ҳам беради.


Конгресс доирасида Ислом цивилизацияси маркази музейи бўйлаб ажойиб экскурсия бўлди.

 

Жаҳон цивилизациясига катта ҳисса қўшган икки сўз бор: “алгебра” ва “алгоритм”. Иккаласи ҳам Хоразмий номи билан боғлиқ. У Орол денгизига яқин ҳудудда, ҳозирги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туғилган. Лекин у — барчамизнинг улуғ аждодимиз. Марказий Осиё ва Турон халқлари учун умумий шахс.


Замонавий фан-техника даврида вақтдан ортда қолмаслигимиз керак. Акс ҳолда тарихда қолиб кетамиз. Илм ва технологияни ривожлантиришимиз шарт. Ва бизнинг тилимиз, аввало, технология ва фан тили бўлиши керак. 

 

Бизга аждодларимиз ана шундай ўргатган. Масалан, “тенгламани ҳал қилиш” атамасини ким жорий этган? — Хоразмий. “Квадрат тенглама” деган атамани ким жорий этган? — яна ўша улуғ зот.


Хоразмийнинг буюклиги нимада? У шундай деган: “Минусларни плюсга айлантириб бор”. Яъни инсон ўз камчиликларини ютуққа, мағлубиятларини ғалабага айлантириши керак. Олдинга интилиш керак. Шу руҳдаги фикрлари Европани ҳайратга солган ва улар унинг асарларини лотин тилига таржима қилишган.


Афсуски, “Ал-жабр ва-л-муқобала” асари бизга оригинал ҳолда етмасдан, фақат лотинча нусхаси сақланган.


Бизнинг авлод эса ўз аждодларига муносиб бўлиши керак. Тарихимиз умумий бўлганидек, илм тили, терминологияси ҳам умумий бўлиши керак.


Айрим сўзлар бошқача бўлиши мумкин, лекин “бир” ва “икки” каби сўзлар барча туркий халқларда бир хил. Демак, биз болалар учун ҳам, ўзимиз учун ҳам фойдали умумий нашр яратишимиз мумкин.


Бу йўналишда ҳаракат қилсак, фақат ютамиз. Мен шундай таклиф билдирмоқчиман. Фанлар академияси ёки Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликка тайёрмиз.