Марказий Осиё илм-фанда ўзига янги йўл танламоқда: кутубхоначиликда улкан ўзгаришлар бошланди

 

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак”  мавзусидаги халқаро конгресс яна бир муҳим йўналишда янги даврни бошлаб берди, дейиш мумкин. Конгресс кун тартиби доирасида бўлиб ўтган “Қадимий қўлёзмалардан рақамли архивларгача” шўъба йиғилишида иштирок этган мутахассислар қадимий асарларни сақлаш, рақамлаштириш ва уларни замонавий технологиялар орқали кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги илғор тажрибалар билан танишди. Йиғилиш Марказий Осиё давлатлари ўртасида маданий ва илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни ривожлантириш ва келажак авлодга бой маданий меросни етказишда муҳим платформага айланди.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” халқаро конгресси доирасида “Қадимий қўлёзмалардан рақамли архивларгача: Марказий Осиё кутубхоначилиги йўли” шўъба йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Марказий Осиё давлатлари ҳамда қўшни мамлакатларнинг Миллий кутубхоналари, архивлари ва илмий муассасалари вакиллари иштирок этди.

 

Йиғилишда қадимий қўлёзмаларни асраб-авайлаш, уларни рақамлаштириш, электрон платформалар орқали кенг жамоатчиликка етказиш, соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш каби устувор масалалар муҳокама қилинди. Шу билан бирга, қўлёзмаларнинг китобхонлик, таълим ва илмий тадқиқотлардаги ўрни ҳақида ҳам атрофлича фикр алмашилди.

 

 

Қозоғистон Республикаси Миллий академик кутубхонаси директори Кумис Сеитова марказга ташриф уларда катта таассурот қолдирганини таъкидлаб, шундай деди:

 

— Айниқса, VII асрга оид ва ЮНЕСКО рўйхатига киритилган Ҳазрати Усмон Мусҳафи намойиш этилганлиги эсда қоларли воқеа бўлди. Экспонатларни рақамли форматда тақдим этиш ва замонавий технологиялардан фойдаланиш маданий меросни сақлашда жуда муҳим. Марказ бу борада илмий ва амалий ҳамкорлик учун улкан имконият яратади” , — деди у.

 

Мутахассис фикрига кўра, марказ экспозициялари ва технологик ечимлари Марказий Осиёдаги кутубхоначилик ва архив иши учун қўшимча илҳом ва тажриба манбаи бўлиши мумкин.



 

Туркманистон Давлат кутубхонаси ходими Лачин Нурмуҳаммедова ҳам ўз муносабатини билдириб, қуйидагича таъкидлади:

 

— Конгрессда иштирок этиш ва марказ экспозицияларини кўриш қимматли тажриба бўлди. Қўлёзмалар ва тарихий материалларни замонавий технологиялар асосида намойиш этилиши катта таассурот қолдирди. Шўъба йиғилишида турли мамлакатлар мутахассислари билан мулоқот қилиш ва тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдик. Бундай тадбирлар халқларимиз ўртасида илм-фан ва маданият соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиради, — деди у.

 

Йиғилиш давомида иштирокчилар Марказ кутубхонасининг очиқ фонди, рақамлаштириш лойиҳалари, электрон архивлар ва қўшма илмий ташаббуслар билан яқиндан танишди. Савол-жавоб жараёнлари орқали янги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.



 

Шўъба йиғилиши Марказий Осиё давлатлари ўртасида маданий ва илмий мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Унда илгари сурилган ташаббуслар умумий маданий меросни сақлаш, рақамли технологиялар орқали оммалаштириш ва келажак авлодга етказишда муҳим қадам сифатида эътироф этилди.

 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” мавзусидаги халқаро конгресс ўтказилди.

 

Марказий Осиёнинг 350 га яқин олимлари, санъатшунослар, таълим ва маданият соҳаси вакиллари, халқаро ташкилотлар ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжондан келган нуфузли меҳмонлар иштирок этди.