Умумий мерос – умумий келажак: минтақа вакилларини бирлаштирган конгресс таассуротлари

 

Марказий Осиёнинг умумий маънавий мероси ва келажакдаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилган халқаро конгресс иштирокчилари Ўзбекистондаги юқори савиядаги ташкилотчилик, санъат кўргазмалари ва минтақанинг цивилизацион салоҳиятидан катта таассурот олди. Тожикистон вакили мазкур анжуманни “Марказий Осиёни бирлаштирувчи муҳим платформа” деб атади.



 

Наргиз Ҳамидова, Тожикистон Рассомлар уюшмаси раиси

 

 — Мен шундай йирик ва кенг кўламли халқаро тадбир — “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос ва умумий келажак” халқаро конгрессини ташкил этганларга ҳамда мамлакат раҳбариятига, шунингдек, конгрессда иштирок этиш имконияти учун самимий миннатдорлигимни билдираман.

 

Ўз юртим, Тожикистон номидан иштирок этиш мен учун ғурур. Барчамиз яхши биламизки, конгресснинг асосий мақсади — маънавий меросни мустаҳкамлаш, асраб-авайлаш ва бирлаштириш, шунингдек, маърифатни ривожлантиришдир.

 

Ишончим комилки, конгресс маънавий меросни мустаҳкамлаш ва йирик ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим платформага айланади. Шунингдек, халқаро конгресс доирасида алоҳида аҳамиятга эга бўлган халқаро бадиий кўргазма ташкил этилди. Унда Марказий Осиё мамлакатларининг машҳур ва таниқли рассомларининг асарлари намойиш этилди. Бу биз учун ҳам ниҳоятда муҳим воқеадир.

 

Албатта, Марказий Осиёнинг маънавий мероси ниҳоятда бой. Шу боис бугунги кунда Ўзбекистон табиий равишда цивилизация марказига айланганини кўриш қувончли. 

 

Мен бу ерда бизнинг ҳамкасбларимиз — рассомлар, дизайнерлар ва усталарнинг каттa меҳнатини, фидойилигини ва истеъдодини кўряпман. Ахир бундай гўзалликни яна қаерда кўриш мумкин?

 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” мавзусидаги халқаро конгресс ўтказилди.

 

Марказий Осиёнинг 350 га яқин олимлари, санъатшунослар, таълим ва маданият соҳаси вакиллари, халқаро ташкилотлар ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжондан келган нуфузли меҳмонлар иштирок этди.