Ўзбекистоннинг маданий мероси Туркманистон мутахассислари томонидан юксак баҳоланди

 

Туркманистоннинг етакчи музейи раҳбари Меретгелди Чариев Тошкентга ташриф давомида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини кўриб лол қолди. Унинг таъкидлашича, бу ердаги экспозициялар, қимматбаҳо қўлёзмалар ва Президент ташаббусларига оид видеотақдимот “Марказий Осиёда маданий уйғониш жараёнининг ёрқин ифодаси”дир.



 

Меретгелди Чариев, Туркманистон Давлат маданият маркази ҳузуридаги Давлат музейи директори

 

— Бугун Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос — умумий келажак” халқаро конгрессининг очилиш маросимида иштирок этиш мен учун катта шараф бўлди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизация марказида бундай юксак даражадаги илмий-маданий тадбирнинг ташкил этилгани таҳсинга лойиқдир.

 

Конгресс доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжондан келган олимлар, музей ва кутубхона мутахассислари, маданият соҳаси вакиллари билан учрашиб, ўзаро фикр алмашдик. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига уюштирилган экскурсия бизда чуқур таассурот қолдирди. Марказда намойиш этилган қадимий қўлёзмалар, тарихий ёдгорликлар, ҳунармандчилик намуналарининг замонавий талқинда тақдим этилгани юқори баҳога лойиқ.

 

Ўзбекистон маданияти ислом цивилизациясида алоҳида ўрин эгаллайди. Экспозициялардаги қимматбаҳо буюмлар, тарихий манбалар ва археологик топилмалар ўзбек халқининг қадимий илдизлари қанчалик чуқур эканини яққол намоён қилади. Туркманистон билан Ўзбекистон қардош халқлар бўлиб, биз ўртамиздаги маданий алоқалар йиллар давомида изчил ривожланиб келмоқда.

 

Шу ўринда, Ўзбекистоннинг маданий меросини асраш ва дунёга танитиш йўлида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо бераман. Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлик қилаётган Марказ билан кўп йиллардан буён самарали ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Хусусан, Туркманистон Давлат музейи томонидан чоп этилган “Ўзбекистоннинг маданий мероси” номли тўпламнинг 72-жилди айнан бизнинг музейимиздаги ўзбек меросига оид экспонатларга бағишланган.

 

Бундан ташқари, Темурийлар тарихи давлат музейи ва Ичан-қалъа давлат музейи билан ҳам имзоланган битимлар асосида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу ҳамкорлик бизнинг музейларимиз учун янги имкониятлар очмоқда.

 

Конгресс доирасида намойиш этилган видеоролик ҳам жуда таъсирли бўлди. Унда Ўзбекистоннинг қадимий тарихи, маданий мероси, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислом цивилизациясини ривожлантириш борасидаги ташаббуслари ёрқин акс эттирилган. Айниқса, БМТ минбарида илгари сурилган ғоялар бугунги кунда жуда долзарб аҳамият касб этади.

 

Ўз номимдан ва Туркманистон делегацияси номидан Ўзбекистон халқига, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга, Маданият вазири Озодбек Аҳмадовичга ҳамда ушбу юксак тадбир ташкилотчиларига самимий миннатдорлик билдираман. Туркман–ўзбек дўстлиги доимо абадий бўлсин.

 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” мавзусидаги халқаро конгресс ўтказилди.

 

Марказий Осиёнинг 350 га яқин олимлари, санъатшунослар, таълим ва маданият соҳаси вакиллари, халқаро ташкилотлар ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжондан келган нуфузли меҳмонлар иштирок этди.