Озарбайжон маданият вазири Ўзбекистондаги энг яхши намунани эътироф этди




Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак" халқаро конгресси жуда кўтаринки руҳда ўтмоқда. 


Озарбайжон маданият вазири Адил Каримли қайд этганидек, ташкил этилган мазкур конгресс Марказий Осиё ва Озарбайжон олимлари, зиёлилари, маърифатпарварларини бир майдонда жамлаб, умумий маданий алоқаларимизни ўрганиш, таҳлил қилиш, тадқиқ этиш ва тарғиб қилишда биргаликда ишлаш имконини беради.




Адил Каримли, Озарбайжон маданият вазири:

 

Ўзбекистонда бунёд этилган Ислом цивилизациялари маркази нафақат минтақамиз, балки бутун ислом олами учун, қолаверса, бутун дунё учун ҳам жуда муҳим бўлган марказдир. Марказнинг меъморчилиги, унинг ташқи кўриниши ва мазмуни барча иштирокчиларни ўзига ром этди.

 

Ўйлаймизки, жаҳон учун алоҳида аҳамият касб этадиган ушбу марказ келгусида маданият, илм-фан, таълим маскани сифатида фаолият юритади. У жуда бой мазмунга эга, кўплаб экспонатларга бой. Бизнинг бу ерда тўпланган ҳамда ислом цивилизацияларининг барча минтақаларидан, жумладан, Марказий Осиё ва Озарбайжондан келтирилган тарихий фактлар, артефактлар, қўлёзмалар – буларнинг барчаси келгусида марказнинг илм-фан, таълим ва тадрис соҳасида фаолият юритиши учун улкан имкониятлар яратади.

 

Ўйлаб кўрингки, бу имкониятлардан нафақат Марказий Осиё ва Озарбайжон мамлакатларида яшаётган халқлар, тадқиқотчилар, балки бутун дунёдаги уламолар, олимлар, ёшига қарамай, барча инсонлар фойдаланади. Шу фурсатдан фойдаланиб, аввало муҳтарам Ўзбекистон Республикаси Президенти жаноб Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча ўзбекистонлик биродарларимизни табрикламоқчимиз. Бу асар ҳақиқатан ҳам буюк бир яратувчилик намунасидир, асрлар давомида яшайди, ўз меъморчилиги ва мазмуни билан дунё аҳлини лол қолдиради. Бугун уни дунёдаги энг йирик интеллектуал марказлардан бири сифатида баҳолаш мумкин ва бу ҳар биримиз учун ғурурдир, биродарларимизнинг муваффақиятидан биз хурсандмиз.

 

Бу марказ барча мамлакатларимиз, айниқса уламоларимиз, тадқиқот марказларимиз, ёшларимиз учун умумий маданий меросимизни ўрганиш, таҳлил қилиш, тадқиқ этиш ва уни дунёга тарғиб қилиш борасида жуда фойдали бўлади. 


Жаноб Президент Шавкат Мирзиёевнинг конгресс иштирокчиларига йўллаган табригида таъкидланганидек, ушбу марказ ислом цивилизациясининг илм-фан, маърифат ва маданиятга таянадиган фалсафий қарашларини намоён этувчи энг яхши намунаси ҳисобланади. 


Албатта, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлатлари ўртасидаги маданий ҳамкорлик сўнгги даврларда жуда динамик ривожланмоқда. Бу, аввало, мамлакат раҳбарлари, давлат бошлиқлари томонидан яратилган самимий муҳит, дўстлик ва биродарлик муносабатлари асосида шаклланди. Барча йўналишларда, айниқса маданият, илм-фан, таълим соҳаларида бу ҳамкорлик кун сайин ривожланмоқда.

 

Бугунги конгресс ҳам бизга умумий маданий алоқаларимизни ўрганиш, таҳлил қилиш, тадқиқ этиш ва тарғиб қилишда биргаликда ишлаш имконини беради. Марказий Осиё ва Озарбайжон олимлари, зиёлилари, маърифатпарварлари бир майдонда жамланиб, бу имкониятдан самарали фойдаланадилар. Бу конгресс умумий маданий алоқаларимизни мустаҳкамлаш, умумий тарихимизни тарғиб этиш, илдизларимизни тадқиқ этиб дунёга танитиш, халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, айниқса маданий алоқаларимизни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди.


Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” мавзусидаги халқаро конгресс ўтказилмоқда.