Фирдавс Абдухолиқов: Ўзбекистон маданий мероси бу нафақат бизнинг, балки бутун инсониятнинг меросидир

"Дунё" АА/. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов "Дунё" АА мухбирига берган интервьюсида пойтахтимизда ўтказилаётган "Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак" мавзусидаги халқаро конгресс ва янги қуриб битказилган марказ ҳақида фикр билдирди.
– Биз халқаро конгрессга тайёргарлик асносида буюк аждодларимизнинг сиймоларини сунъий интеллект аватарлари орқали жонлантирдик. Ташриф буюрувчилар бу жараённи чексиз ҳайрат ва ҳаяжон ила томоша қилди. Чунки ҳар бир меҳмон, қаердан келган бўлишидан қатъий назар, аввало ўз тилини қидиради. Ўз тилида сўзловчи сиймони эшитганида эса қалбан қувонади. Бу нафақат аждодларимиз сиймосини жонлантириш, балки уларнинг тили ва маданиятига бўлган чуқур ҳурмат ифодасидир.
Ушбу ташаббус Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ғоялари асосида амалга оширилди. Марказ қурилиш лойиҳаси тасдиқлангандан бошлаб, фойдаланишга топширилгунгача Президентимиз бир неча маротаба ташриф буюриб, ҳар сафар янги ғоялар ва топшириқлар бериб кетди. Ҳар бир ташаббус замирида янгича қараш ва келажак режалари мужассам эди.
Бугун марказимизга ташриф буюрган меҳмонларнинг ҳайрати, қизиқиши ва катта таассуротлари орқали давлатимиз раҳбарининг фикрлари нақадар тўғри ва теран бўлганини ҳис қилмоқдамиз. Буюк аждодларимизни интерактив тарзда гавдалантириш, ўша даврни ҳис этиш ва улар билан гўё жонли мулоқот қилиш имконияти – бу ғоя ўзининг нақадар тўғри ва аҳамиятли эканини исботламоқда.
Бизнинг экспозицияларимиз – "Исломдан аввалги цивилизациялар", "Биринчи Ренессанс даври", "Иккинчи Ренессанс даври", "Ўзбекистон ХХ асрда" ва "Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс" каби бўлимлар тарихни жонли англаш ҳамда келажакни ҳис қилиш имконини беради.
Ташриф буюрувчилар "Бу ғоя кимга тегишли?", "Бу каби улкан марказ қандай яратилган?" каби саволларни беришади. Биз эса фахр билан айтамиз: бу Президентимизнинг узоқни кўзлаган тафаккури ва бунёдкор қарашлари туфайли юзага келди. Бугун марказимиз кутганимиздан ҳам ортиқ шарт-шароит, технологик имконият ва илмий-маърифий бойликларга эга. Тўғрисини айтиш керак – меҳмонларнинг ҳайрати чексиз!
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда БМТ минбарида туриб, бугун рўёбга чиққан ана шу ғоя ва ташаббусларни илк бор илгари сурган эди. Ўша пайтда баъзилар ишонишди, баъзилар шубҳа билан қарашди. Аммо орадан саккиз йил ўтиб, БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида ана шу ғоялар ҳаётий ҳақиқатга айланди. Буюк аждодларимизнинг илмий-маданий, маънавий-маърифий меросини ўзида мужассам этган улуғвор маскан қад ростлади.
Ўша пайтда бутун дунё бу ташаббуснинг асл моҳиятини англади. Чунки саккиз йил аввалги дунё билан бугунги дунё ўртасида катта фарқ бор. Баъзи ҳудудларда зиддиятлар, келишмовчиликлар давом этмоқда. Президентимиз ўшанда шундай деган эдилар: "Барча зиддиятларнинг илдизида жаҳолат ётади. Биз эса жаҳолатга қарши маърифат билан курашишимиз керак".
Бугун дунё тан олдики, бу марказ шунчаки музей эмас, бу маънавият, маърифат ва тараққиёт тимсоли бўлган тирик мегаплатформадир. Энг диққатга сазовор жиҳати шундаки, марказ доимо ривожланиб, янгиланиб боради.
Масалан, бугунги халқаро конгрессда Марказий Осиё ва Озарбайжон давлатларидан кўплаб меҳмонлар ва экспертлар иштирок этди. Улар билан янги қўшма дастурлар ва илмий лойиҳалар муҳокама қилинмоқда. Бу ҳамкорликлар янги кашфиёт ва илмий изланишларга замин яратади.
Бу каби натижалар, албатта, марказимиз экспозицияларида ўз аксини топади. Шунинг учун марказдаги кўргазмалар доимо ўзгариб, бойиб, янгиланиб боради. Ҳар сафар ташриф буюрган меҳмонлар бу ерда янги тафаккур, янги илҳом, янги руҳни кашф этадилар.
Президентимиз халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш учун махсус шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлади. Бугун Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжондан келган ҳамкасбларимиз учун ҳам қулай муҳит яратишга ҳаракат қилдик.
Бу конгресснинг асосий мақсади – кучни бирлаштириш. Чунки Ўзбекистон маданий мероси бу нафақат бизнинг, балки бутун инсониятнинг меросидир. Бугун буни бутун дунё тан олмоқда. Ташриф буюрган маданият вазирлари ва халқаро экспертлар ҳам бу гўзал фикрларни алоҳида эътироф этмоқдалар.
Ислом цивилизациялари маркази бу – Ўзбекистон маънавий уйғониш даврининг ёрқин рамзидир. У халқимизнинг тарихи ва буюк аждодлар меросига садоқатнинг ёрқин ифодасидир. Бизнинг якдил мақсадимиз – кучни бирлаштириб, янада юксак марраларга эришиш.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа