Ўзбекистонда “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” халқаро конгресси ўтказилмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” мавзусидаги халқаро конгресс ўтказилмоқда.


 

 

Марказий Осиёнинг 350 га яқин олимлари, санъатшунослар, таълим ва маданият соҳаси вакиллари, халқаро ташкилотлар ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжондан келган нуфузли меҳмонлар иштирок этмоқда.

 

 


Дастлаб иштирокчилар Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозицияси билан таништирилди ва марказ тарихи ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди.
 

 

 

Давлатимиз раҳбари халқаро конгресс иштирокчиларига табрик йўллади. Табрикни Президент маслаҳатчиси Русланбек Давлетов ўқиб эшиттирди. Давлат раҳбарининг табригида бугунги мураккаб геосиёсий шароитда халқлар ўртасида тинчлик, барқарорлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, илм-маърифат ва маданиятга таяниш, цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири экани таъкидланди.

 

“Ишончим комилки, бугунги форум мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва шериклик ришталарини янада мустаҳкамлайди, гуманитар ҳамкорликни кенгайтиради ва янги илмий ҳамда маърифий лойиҳалар учун самарали майдонга айланади”, — дея таъкидланган Президент табригида.

 

 

 

 

 

Конгресс кун тартиби доирасида Марказий Осиё ва Озарбайжон Маданият вазирлари иштирокида бўлиб ўтган шўъба йиғилишида давлат идоралари, фанлар академиялари, музейлар ва маданият арбоблари иштирокида турли соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

 

“Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” халқаро конгресси доирасида иштирок этган қўшни давлатлар маданият ва фан намояндалари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табрик сўзини минтақамиз халқлари учун тинчлик, маърифат ва маданий ҳамжиҳатлик сари илҳомлантирувчи даъват сифатида эътироф этдилар.

 

 

Шу ўринда қайд этиш керакки, Конгресснинг айнан Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётгани рамзий аҳамиятга эга. Чунки бу мажмуа Марказий Осиёнинг уч минг йиллик тарихи, Ренессанс даврлари ва Янги Ўзбекистон тараққиётини ўз ичига олган ноёб илмий-маърифий маскан ҳисобланади.

 

Жараёнларни биз билан кузатинг!



Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати