Ўзбекистонда маърифат ва маданиятнинг янги даври бошланмоқда!

 

🔴 Ислом цивилизацияси марказида тарихий форум бўлади!





 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида жорий йилнинг 13-15-ноябр кунларида бўлиб ўтадиган “Марказий Осиёда маънавий мерос ва маърифатпарварлик” мавзусидаги халқаро конгрессга тайёргарлик ишлари жадал давом этмоқда. Марказнинг навбатдаги Илмий кенгаши йиғилишида айни шу халқаро нуфузли тадбирга тайёргарликни янада жаддалштириш масалалари кўриб чиқилди.

 

Йиғилишда конгресс дастурининг асосий йўналишлари, илмий ва маданий тадбирлар мазмуни, ташкилий масалаларнинг якуний босқичлари батафсил муҳокама қилинди.

 

Марказ раҳбарияти ва илмий ходимлар иштирокида ўтган мулоқотда форумни юқори савияда ташкил этиш учун барча имкониятлар сафарбар этилгани таъкидланди. Хусусан, ялпи йиғилишлар ва шўъба муҳокамалари мавзулари, илмий тўплам ва кўргазма лойиҳаларининг бадиий ечимлари кенг муҳокама қилинди.

 

Шунингдек, “Марказий Осиё маънавий мероси” номли махсус илмий тўплам тайёрланаётгани маълум қилинди. Унда минтақа мамлакатларида сақланаётган қўлёзма мероси, маърифатпарварлик ғоялари ва уларнинг замонавий таҳлилига бағишланган илмий мақолалар жамланади.



 

– Бу халқаро форум илм-фан, тарих, маданият, санъат, кино, музейшунослик ва кутубхона иши учун муҳим майдон бўлади, – деди тарих фанлари доктори Жаннат Исмоилова. – Энг муҳими, бу йилги анжуманда 300 га яқин хорижий ва маҳаллий олимлар илк бор Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказини кўриш имконига эга бўлади.

 

Конгресс дастури доирасида ёшлар форуми, маданий кўргазмалар ва “Марказий Осиё: буюк ўтмиш — буюк келажак” мавзусидаги бадиий экспозиция ҳам ташкил этилади. Бу лойиҳалар орқали минтақа халқларининг умумий илмий ва маданий мероси, уларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси кенг намоён этилади.

 

Эслатиб ўтамиз, халқаро конгресс 2025 йил 13–15 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Марказий Осиё халқаро институти ҳамда WOSCU ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилади.