Ёшлар, тарих ва ҳарфлар сеҳри: хаттотлик санъатига янгича нигоҳ!
🔴 Аждодларимиз санъати қайта кашф этилмоқда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидаги Халқаро хаттотлик мактабида ёшлар аждодлар санъати билан юзма-юз учрашди. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси талабалари иштирокида маданий-маърифий суҳбат бўлиб ўтди. Бу сафар нафақат ҳарф шаклини, балки маъно моҳиятини ҳис этиш дарси бўлди.
Тадбирда марказ илмий ходимлари ва мактаб устозлари талабаларга марказнинг асосий мақсад ва вазифалари, ислом ва миллий цивилизация меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этишдаги аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот бердилар.
Меҳмонлар марказнинг меъморий қиёфаси, экспозиция заллари ва илмий йўналишлари билан танишдилар. Шунингдек, улар халқаро хаттотлик мактабидаги ўқув жараёнлари, амалий машғулотлар ва талабалар учун яратилган замонавий шароитларни кўздан кечирдилар.
Суҳбат давомида устозлар талабаларга хаттотлик санъатининг тарихи, турли ёзув услублари ва уларнинг маънавий моҳияти ҳақида сўзлаб бердилар. Дарс жараёнида ёшлар амалий ёзув намуналарини ҳам кузатиш имконига эга бўлдилар.

Хаттот устоз Муҳаммад Солиев таъкидлашича, хаттотлик нафақат ёзув маҳорати, балки инсон қалбидаги сабр, нафосат ва руҳий поклик ифодасидир.
“Ёшлар бу санъат орқали ўз миллатининг маданий илдизларини ҳис этади”, – дейди хаттот.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси талабаси Аҳмаджон Амиржонов бу мактабдаги машғулотлар миллий ёзувга бўлган меҳрни янада кучайтирганини таъкидлади.
“Ҳар бир ҳарфнинг ортида тарих ва маъно борлигини ҳис қилдим. Бу ташриф мен учун катта илҳом манбаи бўлди”, – дейди у.
Тадбир ёшларда миллий ёзув анъаналарига қизиқиш уйғотиш, хаттотлик меросини сақлаш ва уни замонавий ижод орқали давом эттиришга хизмат қилди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа