“Бу марказ — Шарқнинг илмий қудрати ва қалбининг тимсоли!” – хорижлик судьялар эътирофи





 

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ташкил этилганига 30 йил тўлиши муносабати билан “Конституциявий ислоҳотлар ва конституциявий назорат институтини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.

 

Унда Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциацияси аъзолари — Конституциявий судлар раҳбарлари ва судьялари иштирок этмоқда. Шу муносабат билан Таиланд қироллиги ва Индонезия Республикаси Конституциявий суди делегацияси, шунингдек, Ўзбекистон Конституциявий суди раиси ва судьялари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар. Меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Конституцион судининг раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов ҳамроҳлик қилди.

 

Меҳмонлар марказнинг миллий меъморий услуби, бунёдкорлик ечимлари ва замонавий дизайн ёндошувларига катта қизиқиш билдирдилар. Улар бино фасадлари, заллар ва экспозициялар бир-бирини бойитувчи маънавий мазмун билан уйғунлашганини таъкидладилар.

 

Ташриф давомида делегация аъзолари музейда намойиш этилган Ренессанс даврларига оид бўлимлар, ноёб артефактлар, қадимий қўлёзмалар ва тарихий манбалар билан яқиндан танишдилар. Экспонатларнинг юксак тарихий қиймати ва бадиий моҳияти меҳмонларда катта таассурот қолдирди.



 

Таиланд қироллиги Конституциявий суди президенти Накарин Мектрайрат шундай деди:

 

“Марказнинг энг ҳайратланарли жиҳати — бу халқнинг маданияти ва цивилизациясининг улканлиги ҳамда бу бой меросни намойиш этишдаги ижодкорликдир. Замонавий технологиялар билан бойитилган экспозициялар ҳар дақиқа илҳом ва ҳайрат бағишлайди. Бу марказни яратиш ташаббуси — давлат раҳбарининг кенг дунёқараши ва юксак мақсадларидан дарак беради.”

 

Меҳмонлар Ислом цивилизацияси марказини нафақат илмий ва маданий иншоот, балки Ўзбекистоннинг маънавий салоҳияти ва цивилизацион меросини дунёга намоён этувчи замонавий марказ сифатида юқори баҳоладилар.