“Буюк мероснинг илмий ва маънавий асослари тўпланган марказ” – Эрон вазири


Эрон Ислом Республикасининг Саноат, тоғ-кон ва савдо вазири Саид Муҳаммад Атобак бошчилигидаги расмий делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Делегация таркибида Эроннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Али Искандарий ҳам иштирок этди.
Меҳмонлар марказнинг барча экспозиция — Қуръони карим зали, Исломдан аввалги давр, Биринчи Ренессанс, Иккинчи Ренессанс даврлари ҳамда Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори бўлимлари билан батафсил танишдилар. Улар марказнинг илмий, маданий ва маънавий жиҳатларига, намойиш этилган ноёб қўлёзмалар, тарихий артефактлар ва замонавий рақамли экспозицияларга юқори баҳо бердилар.

Ташриф давомида меҳмонлар Ислом цивилизацияси маркази нафақат Ўзбекистон, балки бутун мусулмон олами учун ифтихорли илмий-маънавий маскан эканини таъкидладилар. Эрон Ислом Республикасининг Саноат, тоғ-кон ва савдо вазири Саид Муҳаммад Атобак ушбу ташрифдан мамнунлигини билдириб, марказни барпо этиш ташаббуси ва ғояси муаллифи сифатида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик изҳор этди.
— “Бу марказ нафақат Ўзбекистон тарихи ва маданиятининг ёрқин ифодаси, балки бутун мусулмон оламининг илмий ва маънавий меросини жамлаган муҳим маскан сифатида юксак баҳога лойиқ. Эронлик ватандошларимизни ҳам бу ерга ташриф буюриб, Ислом тамаддунининг бой тарихи билан танишишга чорлайман”, — деди Саид Муҳаммад Атобак.

Эроннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Али Искандарий ўз нутқида қуйидагиларни таъкидлади:
“Мен учун бугунги ташриф катта шарафдир. Эрон элчиси сифатида Ислом цивилизацияси марказига келиб, Ўзбекистон халқи ва ҳукуматининг улкан саъй-ҳаракатлари ҳамда самарали ташаббусларига гувоҳ бўлдим. Бу марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақадаги халқларнинг, мусулмон жаҳонининг илмий ва маданий салоҳиятини намоён этади.
Марказ экспозицияларида тарих, илм ва маънавият чуқур уйғунлашган бўлиб, бу ерга ташриф буюрувчи ҳар бир инсон ўз илдизларини ва маданиятининг буюклигини ҳис этади.”
Ташриф якунида Эрон делегацияси ва Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти икки давлат ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама этди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа