"АЛЛОҲНИНГ ҚЎШНИСИ" БИТГАН БЕБАҲО АСАР

 

      Ўрта асрлар Шарқ илм-фани ва маърифат тарихида ўз номи билан абадий қолган улуғ мутафаккирлар орасида Абу ал-Қосим Маҳмуд ибн Умар Хоразмий Замахшарий (1075–1144) алоҳида ўрин тутади.

 

   Замахшарий ижодининг гултожи бўлган “Тафсир ал-Кашшоф” (“Кашшоф тафсири”) асари илм-фан оламида ғоятда кенг танилган бўлиб, у Қуръони каримга ёзилган машҳур тафсирдир. Ушбу асар нафақат ислом тафсир илмининг, балки бутун жаҳон фалсафаси ва тилшунослиги тарихида бебаҳо дурдоналардан бири ҳисобланади.

 

      “Ал-Кашшоф”да Замахшарий ҳар бир оятни фақат мазмун жиҳатидан эмас, балки унинг грамматик ва маънавий қатламларига чуқур назар ташлайди.

 

     Муаллиф асарни ёзишда ўз давридаги барча илм соҳалари — тафсир ва ҳадис, фиқҳ ва қироат, адабиёт ва шеърият, ахлоқ ва маърифат мактабларининг бой анъаналаридан илҳом олган. Бу кўпқиррали илмий ёндашув “Ал-Кашшоф”ни ислом оламидаги энг нуфузли тафсирлардан бирига айлантирди.

 

Қўлёзманинг тарихий нусхаси

 

 Асарнинг 823/1420-йилда Абдурраҳмон ибн Абу Бакр томонидан кўчирилган нусхаси араб хат санъатининг ноёб намунасидир. Ушбу асарда ҳар бир сатр, ҳар бир нуқта ва безак орқали ислом қўлёзма маданиятининг юксак завқи намоён бўлади, — дейди Марказ илмий котиби Рустам Жабборов.

 

     

        Тарихий манбаларда қайд этилишича, Замахшарий “Ал-Кашшоф”ни Маккада уч йил давомида ёзган. Немис шарқшуноси Карл Броккелманнинг маълумотларига кўра, дунё кутубхоналарида бу асарнинг юзга яқин қўлёзма нусхаси мавжуд бўлиб, унинг йигирмадан зиёд шарҳ ва ҳошиялари ҳам ёзилган. Бугун “Ал-Кашшоф”нинг қимматли нусхаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Биринчи Ренессанс даври” экспозициясидан муносиб ўрин олмоқда.