Ўрта асрдан XXI асргача етиб келган тиббий ғоя: Розий мероси Марказда

 

🔴Замонавий психотерапияни олдиндан башорат қилган аллома ҳақида 


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Биринчи Ренессанс” бўлимида IX асрда яшаган буюк табиб ва мутафаккир Абу Бакр Муҳаммад ибн Закариё ар-Розий (865–925) ҳаёти ва илмий меросига бағишланган махсус экспозиция ташкил этилган. Бу экспозицияда алломанинг инсон саломатлигини асраш, табиатдаги шифобахш воситалардан фойдаланиш ва соғлом ҳаёт қоидалари ҳақидаги илмий қарашларини акс эттирувчи нодир манбалар намойиш этилмоқда. 




Алломанинг “Буръ ус-соъа” (“Тез даволанадиган дардлар”) асарида инсон организмининг ўзини тиклаш қобилияти, табиатнинг шифобахш кучи ва соғлом турмуш тарзи ҳақида амалий тавсиялар берилган. Ар-Розий инсон соғлиғини асрашда табиий муҳит билан уйғун ҳаётни муҳим деб билиб, шифо жараёнида инсоннинг ички кучлари ва табиатнинг таъсири ўртасидаги мувозанатни асосий омил сифатида кўрсатган. Бу “табиий шифо” ғояси бугунги кун тиббиётидаги интегратив ёндашувлар — психосоматика ва холистик соғломлаштириш тизимлари билан уйғунлашади. Асарнинг қадимий қўлёзма нусхалари АҚШ, Буюк Британия, Миср, Эрон, Туркия Миллий тиббий кутубхоналарида сақланмоқда. Шунингдек, юртимизда, яъни Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида ҳам нусхаси мавжуд. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидаги экспозиция ушбу асарнинг илмий ва фалсафий аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, ҳамда ўрта аср тиб илмидаги амалий ютуқларни замонавий тарзда намойиш этиш мақсадида яратилган. Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институти илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Фахриддин Ибрагимов Абу Бакр ар-Розий асарлари ислом тиб илмининг пойдевори ҳисобланишини қайд этди.

 

 ”Унинг илмий ғояларидан кейинчалик Ибн Сино фойдаланган. Шунингдек, Беруний ҳам Розий меросини юксак баҳолаган. Марказда намойиш этилаётган рисола нафақат тиббий манба, балки инсонпарварлик ва маърифат ғояларини мужассам этган ёдгорликдир”, дейди Ф.Каримов.

 

Гўзал Бекназарова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин