Давлатчилигимизнинг маънавий устунлари

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида ўзига хос бадиий-фалсафий композиция — “Давлатчилик устунлари” жойлашган. Ушбу концептуал ансамбль Ўзбекистон ҳудудида давлат ғояси, бошқарув маданияти ва сиёсий тафаккурнинг тарихий шаклланишини рамзий тарзда акс эттиради. Ҳар бир устун маълум бир даврни ифодалайди: қадимий цивилизациялардан тортиб, замонавий мустақил Ўзбекистонгача бўлган давлатчилик эволюцияси изчил ва босқичма-босқич кўрсатиб берилади.
1-УСТУН
Биринчи устун — Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимий маънавий қатламларни, зардуштийлик даврини ва «Авесто» таълимотини ифодалайди. Тошда ўйилган нақшлар, Будда ҳайкали тасвири ва ёритилган витрина ичида жойлашган «Авесто» нусхаси орқали бу давр гавдаланади.
Зардуштийлик инсонни эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амал орқали камолот сари етаклашни тарғиб этган. Шу боис бу устун давлатчиликнинг маънавий пойдевори сифатида талқин қилинади. У нур ва софлик рамзлари орқали эзгулик ғоясини ифодалайди. «Авесто»дан келтирилган машҳур ҳикмат — “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” — бутун композициянинг бошланғич ғоявий калитидир.
2-УСТУН
Иккинчи устун — туркий халқлар давлатчилиги шаклланган босқични ёритади. У Суғд, Бақтрия, Хоразм, Чоч ва Фарғона каби қадимий цивилизацияларни ўзида мужассам этади. Пастки қисмида жойлашган витринада Тўнюқуқ битиктоши нусхаси ўрнатилган бўлиб, у ёзув маданияти ва сиёсий тафаккурнинг юксалишини билдиради.
Устун юзасида Билга Хоқоннинг сўзлари битилган:
“Туркий элим, ўзлигингга қайтсанг, янада юксаласан.”
Бу ҳикмат миллий ўзлик ва бирликнинг рамзига айланган. Устун дизайни қадимий тош битиклар руҳида яратилган бўлиб, хотира, тил ва ёзувнинг абадийлигини ёдга солади.
3-УСТУН
Учинчи устун — давлат бошқаруви, илм ва маданият уйғунлиги босқичини акс эттиради. Бу давр Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар каби давлатларнинг шаклланиши, сиёсий тафаккур ва адолат ғояларининг юксалган давридир.
Устунда Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асаридан иқтибос ёзилган:
“Кимни давлат туғи этса бахтиёр, ҳалол сиёсатни қилгай ихтиёр.”
Бу фикр давлат барқарорлигининг асоси ҳалоллик ва адолат эканини ифодалайди. Устун таркибидаги интерактив илова орқали қадимги туркий ва форсий давлатларнинг бошқарув тизими, ижтимоий тузилмаси ва сиёсий қадриятлари билан танишиш мумкин.
4-УСТУН
Тўртинчи устун — Амир Темур давлати ва ўрта аср даврларини ёритади. У Хоразмшоҳлар, Қорахонийлар, Темурийлар, Шайбонийлар ва Бобурийлар даврларидаги бошқарув, дипломатия ҳамда маданиятнинг юксак намуналарини ифодалайди.
Устун юқори қисмида “Темур тузуклари” учун махсус витрина жойлашган. Пастки сенсорли экран орқали марказга ташриф буюрганлар Амир Темур давридаги сиёсий тузум, адолат тамойили ва давлат бошқаруви тизими билан танишадилар.
Амир Темур — “Куч — адолатда”
Бу фикр устун мазмунининг асосини ташкил этади. У адолатли бошқарув ва қонун устуворлиги тамойилларини ўзида мужассам этиб, ўзбек давлатчилигининг тарихий таянчига айланади.
5-УСТУН
Сўнгги устун — замонавий Ўзбекистон давлатчилигини ифодалайди. Унинг архитектурасида Тошкентдаги собиқ «Панорама» (1964) ва “Congress Hall” (2019) биноларидан илҳом олинган. Шаффоф металл панжаралар ва олтин-оқ панеллар — очиқлик, янгиланиш ва демократик қадриятлар рамзидир.
Ички қисмда Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси жойлашган. Бу мамлакатимизда қонун устуворлиги, ҳуқуқий давлат ва халқ иродасига асосланган бошқарув тизимининг ифодасидир.
Устунда Конституциядан иқтибос ёзилган:
“Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат.”
Бу устун мустақиллик даврининг энг олий рамзидир — халқ иродаси, инсон ҳуқуқлари ва адолат устуворлигига асосланган янги давлатчилик босқичи.
“Давлатчилик устунлари” мажмуаси — Ўзбекистон тарихининг босқичма-босқич тараққиётини эзгу ғоялардан замонавий демократик қадриятларгача узлуксиз занжир сифатида ифода этади.
Бу композиция орқали ташриф буюрувчи инсон ўз халқининг сиёсий тафаккури, адолатга интилиши ва маънавий юксалиш йўлини бир қарашда ҳис этади. Шу тарзда, “Давлатчилик устунлари” давлат барқарорлигининг маънавий рамзи сифатида ўз ўрнини эгаллайди.
“Ҳар бир устун ўз даврининг меъморчилиги, маданий муҳити, цивилизацияси ва кашфиётларини ифодалайди. Уларнинг ички бўшлиқларида эса Ўзбекистон давлатчилигининг беш муҳим босқичига оид асосий сиёсий, ижтимоий ва маданий манбалар намойиш этилади — қўлёзмалар, факсимилелар ёки муляжлар шаклида. Ушбу экспозиция ўзбек давлатчилигининг узлуксиз тарихий меросини, қадимги ёзма манбалардан то замонавий конституциявий тамойилларгача бўлган эволюцион жараёнини жонли тарзда кўрсатади” — деди марказ илмий котиби Рустам Жабборов.
Шаҳноза Раҳмонова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа