Pangea Globe: Ўзбекистон Фанлар академияси – миллий уйғониш сари

Дунёнинг энг нуфузли медиа тузилмаларидан бири – “Pangea Globe” компанияси электрон нашрида Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамда Ислом цивилизацияси маркази ўртасидаги ҳамкорлик самаралари тўғрисида мақола эълон қилинди. Бизнес раҳбарлари, давлат амалдорлари ва соҳа мутахассислари фикрлари асосида мунтазам равишда сара контентлар яратишга ихтисослашган, муайян тузилма ғояларини бутун дунё бўйлаб глобал аудиторияга самарали етказа оладиган, махсус мақолалар орқали қимматли фикр ва амалий маълумотлар тақдим этиб келадиган, шу орқали турли соҳалар, географик ҳудудлардаги йирик корпорациялар ва халқаро оммавий ахборот воситалари ўртасида кўприк вазифасини бажарадиган мазкур нашр мамлакатимизга эътибор қаратиши Ўзбекистон сўнгги йилларда дунё зиёлилари томонидан ҳақли равишда эътироф этилаётганини кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси иштирокида мамлакатимизнинг илмий-маънавий салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этиб, маданий, фан-таълим ва илмий изланишлар масканига айланмоқда.
Тошкентда, қадимий қўлёзмалар замонавий лабораториялар билан ёнма-ён жойлашган залларда, бой тарихимизнинг янги маданий саҳифасини яратмоқда. Бу жараёнда Фанлар академияси ҳал қилувчи ўрин эгалламоқда. Мамлакатимизнинг мазкур бош илмий муассасаси вақт синовидан муваффақиятли ўтибгина қолмай, бугунги кунда фан ва маънавий мерос уйғун ривожланадиган келажакни шакллантираётган маскан ҳамдир.
1943 йил ташкил этилган мамлакатимиз Фанлар академияси кўп йил мобайнида давлатимизнинг илмий инфратузилмаси таянчи бўлиб келди. Бинобарин, Академия президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони, математик Шавкат Аюпов таъкидлаганидек, айниқса сўнгги йиллар туб ўзгаришлар даври бўлди.
– 2017 йилдан буён биз ҳам фан, ҳам маънавий тараққиёт қайта уйғонишига гувоҳ бўлдик, – дейди олим. – Фанлар академияси ушбу янги даврда ҳал қилувчи ўрин тутмоқда.
Ислом цивилизацияси маркази
Янги фаолият йўналишининг энг ёрқин қирраларидан бири Фанлар академиясининг Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказини барпо этишдаги фаол иштирокидир. Бу марказ нафақат музей ёки диний архив, балки илмий тадқиқот, таълим ва маданий дипломатияни бирлаштирган кенг қамровли платформа ҳисобланади. Фанлар академияси вазифаларида ҳам акс этган ушбу лойиҳа бугунги кунда фақат илм-фан соҳаси билан чекланиб қолмай, республикамизнинг жаҳон зиё ва маданият маконидаги ўрнини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Умуман, Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик ҳам пойдеворий, ҳам стратегик аҳамиятга эга. Академия марказни илмий таълим муассасаси сифатида шакллантиришга кўмаклашмоқда, кўргазма концепцияларини ишлаб чиқиш ва илмий жиҳатдан устувор йўналишларни белгилаш жараёнида фаол ишламоқда.
Янги вазифа
Айни пайт йўлга қўйилган бу шериклик Академиянинг жадал ўзгариш жараёнини намоён этади. Муассаса анъанавий илмий маскандан мамлакат тараққиётини ҳаракатлантирувчи кучга айланмоқда. Фан ва маданият уйғонишининг ушбу янги босқичи 2017 йилдан буён илмий ва маънавий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларга бош бўлган Президент Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлаши туфайли рўёбга чиқмоқда.
Шундан бери Фанлар академияси фаолияти икки йўналишда ривожланмоқда: асосий илмий тармоқлар билан бирга амалиётга йўналтирилган тадқиқот орқали жамиятнинг долзарб муаммолари – энергетика хавфсизлиги, жамоат саломатлиги, атроф-муҳит барқарорлиги каби масалаларни ҳал этишга қаратилган ишларни олиб бормоқда. Бундан ташқари янги авлод олимларини тарбиялаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илмий фаолиятга рақамли технологияларни жорий этиш бўйича ҳам фаол саъй-ҳаракатлар жадаллашган.
Ислом меросини улуғлаш
Бу жараён Ислом цивилизацияси маркази фаолиятида тўлиқ аксини топган. Асосий мақсад – Исломни фақат дин сифатида эмас, балки илм-фан, бағрикенглик ва тараққиётга туртки берадиган тарихий куч сифатида жамият онгига сингдириш. Марказ Муҳаммад Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино ва Абу Райҳон Беруний каби улуғ мутафаккирларимиз мероси орқали Ислом цивилизациясининг тиббиёт, астрономия, математика ва фалсафа ривожига қўшган ҳиссасини таҳлил этади. Ҳамкор сифатида Фанлар академияси ушбу мерос нафaқат эҳтиром, балки илмий аниқлик ва қатъият билан талқин қилинишини таъминлайди.
Марказ фаолияти илмий ва маданий соҳаларни қамраб олади. Тармоқлараро тадқиқотлар тарихчи, филолог ва диншуносларни, табиий фанлар вакилларини бирлаштиради. Таълим дастурлари бир неча тилдаги оффлайн ва онлайн курсларни ўз ичига олади, музей заллари эса Ислом оламининг турли ҳудудларидан тўпланган артефактларни намойиш қилади. Экспонатлар орасида “Sotheby’s” ва “Christie’s” тўпламларидан олинган қўлёзмалар ҳам мавжуд. Қуръони карим зали Марказнинг асосий қисмидир. Бу бўлимда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси – қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилади.
Халқаро ҳамкорлик
Ислом цивилизацияси маркази Фанлар академияси кўмаги билан аллақачон халқаро майдонда эътибор қозониб, ҳамкорлик майдонига айланган. Миср, Малайзия, Марокаш ва Саудия Арабистони етакчи муассасалари билан шериклик тўғрисида англашув меморандумлари имзоланган. Шунингдек, ЮНЕСКО ва бошқа нуфузли тузилмалар турли лойиҳаларга жалб этилган.
– Марказ Ислом цивилизациясининг мазмун-моҳиятини очиб бериш мақсадида дунё бўйлаб олим ва тадқиқотчилар, маданий муассасаларни бирлаштирувчи муҳим мулоқот майдонига айланмоқда, – дейди Шавкат Аюпов.
Келажак учун мулоқот
Кўргазма ва халқаро келишувлардан ташқари марказ турли дин ва маданият вакиллари, шунингдек авлодлар ўртасида мулоқот муҳитини яратишга интилмоқда. Ўзбекистон Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратар экан, Фанлар академияси ва Ислом цивилизацияси маркази фақат ўтмиш меросини асраб-авайлабгина қолмасдан, балки яна бир бор диёримизни фан ва цивилизация чорраҳасига айлантирадиган келажакни шакллантирмоқда.
Академия раҳбари таъкидлаганидек, айни жараён Президент Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларида ҳам яққол ифодаланган:
– Марказ билан танишган одам ана шу тарихни яққол кўриб, Ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини англайди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа