Туркий халқлар маданияти ва мероси жамғармаси президенти Ислом цивилизацияси марказида
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Туркий халқлар маданияти ва мероси жамғармаси президенти Актоти Райимқулова ташриф буюрди. Мазкур ташриф икки қардош давлат ўртасидаги илмий ва маданий ҳамкорликка янги суръат бағишлади. Меҳмон марказнинг илмий-тадқиқот йўналишлари, замонавий экспозициялар ва рақамлаштириш лабораторияси билан танишиб, уни туркий дунё учун муҳим маънавий марказ сифатида эътироф этди.

Актоти Райимқулова экспозициялар билан танишар экан, исломгача бўлган даврга оид тарихий материаллар, ислом цивилизациясининг илм-фан ва маданиятдаги улкан ютуқлари, туркий халқларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини акс эттирган экспонатларга катта қизиқиш билан назар ташлади.
Меҳмон қўлёзмалар, археологик топилмалар, нодир артефактлар ҳамда интерактив инсталляциялар билан танишар экан, ўтмиш ва келажак ўртасидаги маънавий боғлиқлик чуқур ифода этилганини таъкидлади.
Шунингдек, меҳмон марказда яратилган илмий муҳит, ёш олимлар учун яратилаётган имкониятлар, рақамлаштириш ва қўлёзмаларни тиклаш лабораторияси фаолияти билан ҳам қизиқди.
Актоти Райимқулова, шунингдек, марказнинг иккинчи қаватида халқаро ҳамкор ташкилотлар учун ажратилган офисни кўздан кечирди. У ерда “Турк маданияти ва мероси жамғармаси” учун мўлжалланган хоналар билан танишиб, келгусида амалга ошириладиган қўшма лойиҳалар, илмий ва маданий дастурлар юзасидан фикр алмашди.

— Менимча, бу масканни оддий музей ёки марказ деб аташ қийин. Бу — жаҳон миқёсидаги маданий-маънавий тамаддун ўчоғидир. Аввало, Ўзбекистон халқини ва бутун туркий дунё ҳамжамиятини шундай тарихий аҳамиятга эга марказ очилаётгани билан чин қалбдан табриклайман. Ишонаманки, у инсоният тарихи, қадимий тамаддунлар ва ислом илми ҳамда маданиятини ўрганишда муҳим илмий платформага айланади, — деди Актоти Райимқулова.
Ташриф якунида Актоти Райимқулова Марказ билан илмий ва маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа