Бир аср давомида яратилган 45 томлик илм тўплами – Ўзбекистонда!
🔴 320 минг асар ҳақидаги маълумот битта жамланмада
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси фонди яна бир ноёб илмий тўплам билан бойиди. Эрон Ислом Республикаси Миллий кутубхонаси ва архиви томонидан яратилган 45 томлик “Эрон қўлёзмалар каталоги” — FANKHA (Union Catalogue of Iran Manuscripts) тўплами Марказ фондига тақдим этилди.

Юз йиллик илмий изланишлар маҳсули
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасига тақдим этилган мазкур каталог Эронда 1926–2011 йиллар оралиғида яратилган ва мамлакатдаги барча давлат, диний ҳамда шахсий кутубхоналарда сақланаётган қўлёзмаларни ягона манбага жамлаган улкан лойиҳадир.
Каталогда 320 мингдан ортиқ қўлёзма ҳақида маълумот келтирилган бўлиб, улар 500 дан зиёд манбалар асосида тузилган. Ҳар бир асар ҳақида библиографик маълумотлар (муаллиф, тил, мавзуси, ҳажми) ва кодикологик изоҳлар (муҳрлар, ёзувлар, сақланиш ҳолати) алоҳида қайд этилган.
Бу лойиҳа “Ал-Жавод маданий институти” жамоаси томонидан профессор Мустафо Дераяти таҳририда амалга оширилган. Қўлёзмалар каталоги Ўзбекистон заминида туғилиб ўсган буюк мутафаккирларнинг Эронда сақланаётган асарларини ҳам ўз ичига олади. Улар орасида:
➖ Абу Райҳон Беруний — “Ал-Осор ал-боқия ан ал-қурун ал-холия”;
➖ Абу Али ибн Сино — “Ал-Қонун фи-т-тиб”, “Ан-Наджо”;
➖ Маҳмуд Замахшарий — “Ал-Кашшоф”, “Муқаддимат ал-Адаб”;
➖ Муҳаммад Хоразмий — “Ал-Жабр вал-муқобала”;
➖ Аҳмад Фарғоний — “Илм ал-Ҳайъа”.
Бу асарлар Теҳрон университети, Қум, Машҳад ва Исфаҳон шаҳарларидаги нуфузли кутубхона ва мадрасаларда сақланмоқда.
Илмий ҳамкорликнинг янги босқичи
Ислом цивилизацияси маркази ва Эроннинг илмий муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Қўлёзмаларни рақамлаштириш, маълумотлар алмашиш ва нашр ишларида янги келишувлар амалга оширилмоқда.
Марказ илмий котиби Рустам Жабборовнинг таъкидлашича, Эронда юртимиздан етишиб чиққан алломалар асарлари жуда кўп.
“Масалан, Алишер Навоийнинг бир қанча қўлёзмалари ҳам шулар жумласидандир. Эронлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик илмий тадқиқотларимизни янги босқичга олиб чиқади. ‘Эрон қўлёзмалар каталоги’ эса манбашунослик ва тарихий илмий тадқиқотлар учун ноёб йўлланмадир”, дейди Р.Жабборов.

Юз йил давомида яратилган бу улкан тўплам нафақат Эрон, балки бутун ислом дунёси қўлёзма меросини бирлаштирган муҳим илмий хазинадир. Унинг Ислом цивилизацияси маркази фондида сақланиши — Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги маданий мулоқот ва илмий ҳамкорликни янги босқичга кўтаради.
Гўзал Бекназарова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа