“Бу ердаги гўзаллик, салобат ва профессионаллик мени ҳайратга солди” – кувайтлик коллекционер



 

Маҳмуд Абдулхолиқ ан-Нурий, коллекционер (Кувайт):

 

— Умрим давомида АҚШ, Канада, Франция, Буюк Британия, Венгрия, Миср каби давлатлардаги кўплаб музейларда бўлганман. Бироқ бу ердаги гўзаллик, салобат ва юксак даражадаги профессионаллик мени чин маънода ҳайратга солди ҳамда чуқур таассурот қолдирди. Бундай мукаммал ташкил этилган маданий масканни дунёда камдан-кам учратиш мумкин. 


Ўзбекистон ва Кувайтни асрлар давомида боғлаб турган самимий дўстлик ва биродарлик ришталари бор. Мен бу муносабат рамзи сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ўз шахсий коллекциям асосида тайёрланган икки китобни совға қилдим. Ушбу нашрларда ислом тарихи ва маданиятининг илк даврларидан то мамлуклар сулоласи охиригача бўлган оралиқни қамраб олган олтин ва кумуш тангалар тўплами акс этган. Ишончим комилки, бу китоблар ушбу гўзал ва илмий жиҳатдан юксак даражада ташкил этилган кутубхона фондини янада бойитади.
Коллекциямдаги айрим тангалар Самарқанд, Бухоро ва Тошкент билан боғлиқ бўлиб, улар тарихий жиҳатдан нодир ва бебаҳо намуна ҳисобланади.


Мен бир муҳим жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман: бундай юксак савиядаги музей ва унинг таркибидаги бой кутубхона — тарих давомида барча синовларни енгиб, ўз маънавияти ва маданиятини асраб келган ўзбек халқи қудратининг ёрқин ифодасидир. Мўғуллар Самарқанд ва Бухорони вайрон этган даврда ҳам бу халқ ўз ички иродаси ва билимга бўлган интилиши билан бу шаҳарларни янада гўзал ва обод ҳолда қайта тиклай олган.


Шу боис, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши — Ўзбекистоннинг маънавий уйғониши, илм ва маданиятга бўлган чуқур ҳурматининг амалий ифодасидир.