Миллатни уйғотган матбуот

 

 🔴 Тарихий ғурур манбаи Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида!



 

ХХ аср бошларида Туркистонда юз берган миллий уйғониш ҳаракати — жадидчиликнинг энг кучли қуролларидан бири матбуот эди. Газета ва журналлар орқали халқни маърифат, тараққиёт ва озодликка чорлаган жадидлар туркий дунё тарихида янги саҳифа очдилар.

 

1906 йил 27 июнда Туркистон матбуотининг илк намунаси — «Тараққий» газетаси чоп этилди. Исмоил Обидий муҳаррирлигидаги бу газета “Нажот маслакда сабот, тўғриликда ижобат” шиори остида миллатни тараққиёт сари етаклашни мақсад қилди. Унда чоп этилган мақолалар жаҳолатга қарши кураш, илм ва ҳунарни ривожлантириш, миллий ўзликни англаш ғояларини илгари сурди.

 

Абдулла Авлоний бу ҳақда шундай ёзган эди:

 

“Бу газета элнинг севиб ўқий турған бир газетаси бўла олди. У ҳукумат маъмуриятига қарши ўт очган энг жасур минбар эди.”

 

Аммо “Тараққий”нинг 20-сонидан кейин у “маҳаллий аҳолини революцион ҳаракатга даъват этган” деган айблов билан ёпилди.

 

Шундан кейин Мунаввар қори Абдурашидхонов муҳаррирлигида “Хуршид”, Саидкарим Саидазимбоев таҳририда “Тужжор”, Абдулла Авлоний раҳбарлигида “Шуҳрат”, Аҳмаджон Бектемиров муҳаррирлигида “Осиё” газеталари пайдо бўлди. Улар ҳам миллатни маърифат ва ислоҳ сари чорлади, аммо ҳукумат цензураси уларнинг умрини қисқартирди.

 

1913 йилда эса Маҳмудхўжа Беҳбудий муҳаррирлигида “Самарқанд” газетаси дунё юзини кўрди. У ўзбек, форс ва рус тилларида чоп этилиб, халқни илм, маданият ва тараққиётга етаклашни мақсад қилди. Кейинчалик у моддий сабаблар билан ёпилиб, ўрнига “Ойина” журнали чиқарила бошланди.

 

1914 йилда эса Убайдуллахўжа Асадуллахўжаевнинг “Садои Туркистон” газетаси халқни жаҳолатга қарши маърифат билан қуролланишга чақирди. Унда Чўлпон, Авлоний, Ҳамза, Тавалло, Ҳожи Муин каби зиёлилар фаол қатнашдилар.




 

Шу йилларда “Садои Фарғона”, “Бухорои шариф”, “Турон” газеталари ҳамда “Ойина”, “Ал-Ислоҳ” журналлари миллатни янгича фикрлаш, ислоҳот ва илмга чақирди.

 

Туркистон мустамлакачилик сиёсатидан эзилган бир даврда жадид матбуоти ҳақиқатни айтди, миллатни уйғотди, озод фикр уруғини сочди. Шунинг учун ҳам уларнинг кўпчилиги ёпилди, муҳаррирлари таъқибга учради.

 

Абдурауф Музаффарзода бу ҳолни шундай ифодалаган:

 

“Тараққийдан сўнг ёпилган жаридалар йиғилса, жуда катта жарида мозори ҳосил бўлур эди.”

 

Бироқ жадид матбуоти сўнмади — у миллат тафаккурини уйғотди, замонавий ўзбек журналистикасининг пойдеворига айланди.


 

Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида жадид матбуоти тарихига бағишланган махсус экспозиция ва видеофильм тайёрланмоқда. Унда “Тараққий”дан “Садои Туркистон”гача бўлган газеталарнинг асл нусхалари, макетлари ва улар орқали илгари сурилган ғоялар намойиш этилади.

 

“Экспозицияда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат каби жадидларнинг фаолиятига оид газета ва журналлар намойиш этилади. Ҳозирда ушбу газета ва журналларнинг асл нусхалари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Экспозицияда бу нашрларнинг факсимил нашрлари тақдим этилади. Шунингдек, уларнинг мазмуни ва тарихий аҳамияти махсус видеороликлар ва медиа контент орқали ҳам ёритилади”, – дейди Марказ илмий ходими Шарофат Юсупова.

 

Шаҳноза Раҳмонова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин