Ер шари ҳақидаги илмий манзаранинг илк қадамлари


🔴 Бу хариталарсиз ҳозирги география бўлмаган бўларди!


🔴 Маъмун, Кошғарий ва Идрисийнинг географияга оид йирик кашфиётлари билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида танишиш мумкин.



 

Жаҳон цивилизацияси тарихида илм-фан тараққиётини янги поғонага олиб чиққан муҳим босқичлардан бири — ислом ренессанси даври ҳисобланади. Айнан шу даврда география, астрономия, геодезия ва математик илмлар юксак даражада ривожланиб, дунё ҳақидаги тасаввурлар илмий асосда такомиллашди. Мусулмон уламолар томонидан яратилган илмий хариталар эса жаҳон картографияси тараққиётида мутлақо янги саҳифа очди ва бугунги глобал географик билимлар тизимининг пойдеворига айланди. Шу каби улкан илмий мероснинг энг ёрқин намуналари Маъмун дунё харитаси, Маҳмуд Кошғарийнинг туркий қабилалар жойлашув харитаси ва Идрисийнинг ғарбий ҳудудлар акс эттирилган дунё харитаси ҳисобланади. Айнан мазкур хариталар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Биринчи Ренессанс даври экспозициясидан ўрин олган. 

 

Маъмун дунё харитаси (IX аср) 

 

Аббосийларнинг буюк халифаси Маъмун фармойиши билан Бағдодда ташкил этилган “Байтул ҳикма” — Донишмандлик уйи мусулмон оламининг илмий маркази сифатида юксак обрў қозонган эди. Ана шу илмий муҳитда, Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий бошчилигида 70 дан ортиқ олим иштирокида инсоният тарихидаги илк илмий географик хариталардан бири — Маъмун дунё харитаси яратилди. 

 

– Харита кенг геодезик ва астрономик тадқиқотлар асосида чизилган бўлиб, Ер меридианининг бир даражаси қайта ўлчанган, шаҳар ва минтақаларнинг аниқ координаталари ўрганилган. Унда Ҳинд океани очиқ денгиз сифатида акс этган, жаҳон оролсимон шаклда тасвирланган ва харита ўша давр анъанасига кўра жанубга қаратиб чизилган. Хоразмийнинг “Сурат-ал арз” асари ушбу хаританинг илмий асосини ташкил этиб, жаҳон картографиясига координаталар тизими, иқлимий тақсимот ва геодезиядаги аниқ ўлчовлар тушунчасини мустаҳкам киритган, – дейди тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Фахриддин Ибрагимов. 

 

Маҳмуд Қошғарийнинг туркий қабилалар харитаси 

 

XI асрда яратилган Маҳмуд Қошғарийнинг “Девон луғат ат-турк” асари нафақат тилшунослик энциклопедияси, балки туркий халқларнинг этник, маданий ва географик манзарасини акс эттирган беназир манба сифатида тарихда қолган. У ўз асарида туркий қабилаларнинг ўша даврдаги дунёнинг турли ҳудудларида жойлашувини харита орқали кўрсатиб, туркий дунё сиёсий ҳамда маданий географиясини тўлиқ ифодалаган. Харитада бир нечта қабила кўрсатилган: ўғузлар, Олтой тоғлари ва ғарбий ҳудудлар орасида яшаган ва кейинчалик Салжуқийлар империясини барпо этганлар. Қипчоқлар, Қозоғистон даштларидан Каспий денгизигача чўзилган ҳудудларда ҳукмронлик қилган ва чавандозлик санъати билан машҳур бўлганлар. Хазарлар Каспий атрофида яшаган, ярим кўчманчи ва қудратли халқ бўлган. Уйғурлар Олтойдан то Мўғулистон ва Хитойгача тарқалган. Қарлуқлар ўғуз ва уйғурлар орасида жойлашган, Ғазнавийлар империясининг илк ривожида муҳим рол ўйнаган. 

 

Муҳаммад ал-Идрисий дунё харитаси 

 

XII асрда Сицилия қироли Рожер II саройида яшаб ижод қилган ал-Идрисий олам картографиясининг энг буюк намуналаридан бирини яратди. У 1154 йилда юпқа кумуш лавҳада ўйиб ишланган дунё харитаси ва унга ҳамроҳ “Рожер китоби”ни тайёрлади. Бу харита Европа, Африка ва Осиёни қамраб олган ҳолда, илк глобал географик тасниф усулини жорий этди. Ал-Идрисий дунёни 70 та минтақага бўлиб, тахминан 2500 жой номини харитага киритган, асар матнида эса 6000 дан ортиқ географик нуқталар ҳақида маълумот берган. Унинг панжарали координата тизими, қитъалар ва денгизларни аниқ белгилаши кейинги асрларда Европада география ва денгизчилик илмининг юксалишига улкан таъсир кўрсатди. Колумб ва Васко да Гама каби сайёҳлар айнан Идрисий маълумотларига таянгани тарихий манбаларда қайд этилган. Ислом цивилизацияси олимлари томонидан яратилган бу хариталар жаҳон илм-фани ривожида ўчмас из қолдирган. Улар илк бор дунё тасаввурини аниқ илмий мезонлар асосида шакллантирди, координаталар, географик тасниф, астрономик ўлчов ва этнографик маълумотларни бир тизимга солди.

 

Бугунги кунда глобал картография ва спутник навигация технологиялари айнан шу улуғ илмий мероснинг давомидир. Мусулмон географ ва олимларининг илмий жасорати, изланиши ва кашфиётлари инсоният тамаддунининг илдам қадамларидан бири сифатида тарихда абадий қолган.

 

 

Дурдона Расулова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин