600 йиллик мусҳаф нусхаси Ўзбекистондаги мегалойиҳада намойиш этилади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти доирасида олиб борилаётган илмий, амалий ва маданий лойиҳалар мамлакатимиздаги маънавий тикланиш жараёнининг муҳим қисмига айланди. Уларнинг орасида энг масъулиятли ва таърифга лойиқ ишлардан бири — Амир Темур буюртмаси билан кўчирилган улкан Қуръон нусхасининг қайта тикланиши бўлди. Бу лойиҳа нафақат тарихий қимматга эга, балки халқимизнинг ўз илдизлари ва улкан цивилизациявий меросига бўлган эҳтиромини ёрқин намоён этди.

Маълумки, дунё музейлари ва илмий марказларида Амир Темур даврига оид ноёб осори-атиқалар сақланади. Шулардан бири — Нью-Йоркдаги Метрополитен музейида намойиш этиб келинган ва XIV асрда хаттот Умар Ақто томонидан махсус буюртма асосида кўчирилган Қуръон саҳифасидир.
Мутахассислар томонидан ўтказилган текширувлар натижасида ушбу ноёб мероснинг ҳақиқатан ҳам Темурийлар даврига оид манба эканлиги исботланди. Шундан кейин лойиҳа расмий тасдиқланиб, илмий-амалий асосда йўлга қўйилди ва зарур қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди.
Тиклаш жараёни: сабот, маҳорат ва ҳунармандлик уйғунлиги
Бу йўл осон кечмади. Ҳар бир саҳифа 2,3 метр х 1,3 метр ўлчамда тайёрланди ва бу иш қадимий қўлёзмаларни қайта тиклаш анъанасига хос нозик талабларга риоя этган ҳолда бажарилди. Қоғоз тайёрлаш жараёнида Россиядан махсус материал келтирилиб, қадимий усулда чой, крахмал ва табиий моддалардан тайёрланган қоришмалар ёрдамида ишлов берилди. Бундай услублар ижодий меҳнат билан бирга катта тажриба ва саботни талаб этади.
Матн муҳаққақ ва райҳоний хат услубларида битилди — бу услублар Амир Темур ҳукмронлиги даврида илмий ва диний меросда кенг қўлланилган. Ҳар бир ҳарф, ҳар бир безак ва композицион меъёрлар тарихий манбаларга таянилган ҳолда қайта тикланди.
Битта сақланган саҳифадан чиқиб, бутун мусҳафни қайта жонлантириш —хат санъати, тарихий тадқиқот ва сабр-қатъиятни талаб этувчи улкан жараёндир. Лойиҳада ишлаган мутахассислар сўзларига кўра, мақсад шунчаки нусха тайёрлаш эмас, балки Амир Темур даврининг руҳини, улуғвор маданий муҳитини ва илм-фанга бўлган буюк муваффақиятни қайтаришдан иборат бўлган.
Амир Темур ҳукмронлиги даври — Ватанимиз тарихида илм-фан, меъморлик, санъат ва давлат бошқарувида улкан юксалиш бўлган даврдир. Бу Қуръон нусхасининг қайта тикланиши ҳам ана шу тарихий даврнинг маънавий кучини ёрқин акс эттиради.
Тарихчилар ва исломшунос олимлар бу нусха ҳақиқатан ҳам Амир Темур даврига оид эканлигини тасдиқлашган.
Ҳаттот Нажмиддин Фаёзий томонидан кўчирилган ноёб мерос – Амир Темур Қуръони Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида ўрин эгаллайди. Ушбу мислсиз экспозиция замонавий авлодни илк манбалар орқали тарих ва ислом меросини ўрганишга чорлайди.
Бундан ташқари, жорий йилда марказ томонидан нуфузли халқаро “Сотбис” аукциони орқали Амир Темур даврида хаттот Умар Ақто томонидан кўчирилган Қуръоннинг бир парчаси сотиб олинди.

Нафақат исломий қўлёзмалар, балки...
Марказ фаолияти доирасида фақат исломий қўлёзмалар эмас, балки Амир Темур давридаги дипломатик ва маданий алоқаларни ёритувчи ҳужжатлар ҳам тадқиқ этилмоқда. Шу мақсадда Амир Темур ва Франция қироли Карл VI ўртасидаги ёзишмалар нусхалари ҳам қайта ишланди. Бу ёзишмалар ўрта асрлар давлатларининг маданий ва сиёсий муносабатларини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Тарихдан маълумки, Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихо 1404 йилда Самарқандга келиб, Амир Темур билан шахсан учрашган. У ўз “Самарқанд сафари” асарида Темурни адолатли ҳукмдор, илм ва маърифат ҳомийси сифатида таърифлайди. Ислом цивилизацияси маркази ва WOSCU ҳамкорлигида мазкур ёзишмалар асосида совғабоп нусха тайёрланди. Бу нашр Амир Темур шахсияти ва давлатига халқаро нуфуз билан қарашни янада мустаҳкамлайди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа