Араб тили грамматикасига бағишланган беқиёс асар

 

🔴 Асрлар оша яшаб келаётган кўп тилли луғат 


🔴 Араб тили илмининг таянч манбаи



 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Биринчи Ренессанс” бўлимида буюк аллома Маҳмуд аз-Замахшарий ҳаёти ва илмий меросига бағишланган экспозиция ташкил этилмоқда. Бу ерда олимнинг “Ал-Муфассал фи санъат ал-эъроб” ҳамда “Муқаддамат ул-Адаб” асарларининг асл ва кўчирилган нусхалари жой олган бўлиб, ташриф буюрувчилар XII аср илмий муҳитининг ҳақиқий намуналарини кўз билан кўриш имкониятига эга бўладилар.

 

Ҳар бир қўлёзма ва унинг нусхаси илмий-амалий ишловдан ўтказилиб, экспозицияда замонавий ахборот панеллари орқали Замахшарий ҳаёти, илмий фаолияти ва асарлари ҳақидаги маълумотлар инфографика, мультимедиа ва интерактив форматда тақдим этилмоқда. Бу ёндашув буюк аждодлар илмини замонавий усулда кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилади.

 

Араб тили илмининг таянч манбаи

 

Замахшарийнинг “Ал-Муфассал фи санъат ал-эъроб” асари араб тили грамматикасига бағишланган энг муҳим манбалардан бири ҳисобланади. Унда сўз туркумлари, гап тузилиши, талаффуз ва грамматик тизим изчил таҳлил қилинган. Муаллиф араб тили қонун-қоидаларини мантиқий асосда изоҳлаб, наҳв илмини тизимли фан даражасига кўтарган.

 

Тарихий манбаларга кўра, асар ўрта асрларда кенг тарқалган ва кўплаб мадрасаларда ўқув қўлланма сифатида фойдаланилган.

 

Тўрт тилда ёзилган илк луғат

 

Замахшарийнинг “Муқаддамат ул-Адаб” асари араб, форс, туркий ва мўғул тилларидаги сўз ва ибораларни қамраб олган кўп тилли луғатдир. 1137 йилда ёзилган бу асарда сўз илдизлари, маънолари ва морфологик шакллари аниқ илмий услубда ёритилган. Бу асар асрлар давомида араб тилини ўрганишда асосий манбалардан бири сифатида хизмат қилган.

 

Илм олган ва илм берган аллома

 

Филология фанлари номзоди, доцент Салима Эшонова таъкидлайди:

 

– Замахшарий нафақат илм олган, балки илм берган аллома. “Ал-Муфассал” араб тили грамматикасининг мукаммал манбаси сифатида қадрланади. Ривоятларга кўра, Яман ҳокими ушбу асарни ёд олган кишига 5 минг динор мукофот берган. Бу унинг илм оламидаги нуфузини кўрсатади. Шунингдек, “Муқаддамат ул-Адаб” асари ҳам тўрт тилни қамраб олган йирик луғат бўлиб, бугунги лингвистика учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

 

Замахшарийнинг илмий мероси араб тили, тарих, тафсир ва филология соҳаларидаги тадқиқотлар учун ҳануз асосий манба бўлиб қолмоқда.




Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидаги мазкур экспозиция нафақат ўрта аср илмий меросини жонлантириш, балки уни замонавий ахборот технологиялари орқали кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида яратилган. “Ал-Муфассал” ва “Муқаддамат ул-Адаб” асарлари ислом илм-фанидаги мукаммалликнинг, замонавий тадқиқотларда эса илмий илдизларни англашнинг рамзи сифатида қадрланади.

 

Гўзал Бекназарова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин