Маданий бирлик рамзи: беш халқ вакиллари Ислом цивилизацияси марказида учрашди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига юртимиздаги қозоқ, қирғиз, тожик, татар ва туркман миллий маданият марказлари вакиллари ташриф буюрди.
Меҳмонлар Марказ музейида олиб борилаётган пардозлаш ва жиҳозлаш ишлари, ўзига хос миллий архитектураси, унда намойиш этилган ноёб артефактлар, қадимий қўлёзмалар ва тарихий осори-атиқалар билан танишдилар.
Ташриф давомида меҳмонлар Ўзбекистоннинг маданий меросни асраб-авайлаш ва уни жаҳон миқёсида тарғиб этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳурмат билан эътироф этишди.

Ўзбекистон тожик маданият маркази раиси Гуландом Субхонова ҳам марказ ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди:
“Ҳар бир экспонат олдига келсангиз, ўтмиш муҳитига кириб, ўша давр билан суҳбатлашгандек бўласиз. Бу марказда тарихимиз, санъатимиз, илм-фанимиз жонланиб тургандек. Мен ўйлайманки, дунёда бу марказнинг ўхшаши йўқ. Айниқса, ҳақиқий ашёлар, асл нусхалар, ноёб экспонатлар жамлангани – ўз тарихимизни кўз билан кўриб, қалб билан ҳис қилиш имконини беради”.
Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасида Марказий Осиё давлатлари томонидан чоп этилган китоблар, илмий нашрлар ҳамда маданий мерос намуналарини жойлаштириш ишлари йўлга қўйилган. Шунингдек, Марказнинг “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” бўлимининг ташқи сиёсат қисмида минтақа мамлакатлари билан олиб борилаётган ҳамкорлик сиёсати ва қўшма лойиҳаларга оид материаллар намойиш этилмоқда.

Умуман олганда ушбу ташриф Марказий Осиё халқлари ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг бой тарихий ва илмий меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа