Шарқ цивилизациясининг энг катта далили – аёллар илмни асраб, жамиятни нурга буркаган давр ҳақида...
Ўрта асрларда Мовароуннаҳр ва Хуросон нафақат буюк саркардалар, балки юксак тафаккур эгалари, олимлар ва санъаткорлар юрти сифатида танилган. Бунда нафақат эркаклар, балки аёллар ҳам алоҳида ўрин тутган. Айниқса, Темурийлар даврида аёллар иштироки жамият ҳаётида муҳим аҳамият касб этган.


Тарихий манбалар шуни кўрсатадики, Темурий маликалар оддий сарой аҳли эмас, балки давлат сиёсати, дипломатия ва маънавий-маърифий соҳаларда фаол иштирок этган зиёли аёллар бўлган. Амир Темурнинг умр йўлдоши Бибихоним ўз даврининг энг нуфузли аёлларидан бири эди. Бибихоним номи билан боғлиқ йирик қурилишлар, масжид ва мадрасалар бунёд этилиши ҳам унинг ташаббуслари билан боғлиқ. Манбаларда қайд этилишича, у сарой ичидаги зиддиятларни юмшатишда, муросага эришишда ҳам муҳим роль ўйнаган.
Тарих фанлари номзоди Наргиза Хидирова таъкидлаганидек, Темурий маликалар ҳақида гапирганда, уларни оддий малика сифатида эмас, балки дипломат, сиёсатчи ва маънавий-маърифий ишларнинг тарғиботчилари сифатида кўриш лозим.
“Масалан, Бибихоним барча Темурий шаҳзодаларни тарбиялашда иштирок этган, бу эса беқиёс масъулиятни англатади,” — дейди тарихчи.

Темурийлар сулоласининг яна бир забардаст сиймоси Гавҳаршодбегим бўлиб, у Ҳиротда катта масжид ва мадрасалар қурилишига бош-қош бўлган. Ўзининг катта мулкларини илм-маърифат ривожи йўлида вақф қилган. Шу билан бирга, Қуръон нусхаларини кўчиртириш, машҳур хаттотларни қўллаб-қувватлаш, нафис қоғозларда Қуръон китобларини ёздириш орқали диний-маънавий ҳаётга катта эътибор қаратган.
Шунингдек, мутахассиснинг таъкидлашича, ўрта асрлар ва хонликлар давридаги аёллар фаолиятини ўрганиш алоҳида экспозиция даражасида ёритилишга арзийди.
“ХVI–ХХ аср бошларига оид марказий архивларда мингдан ортиқ аёлларга тегишли вақф ҳужжатлари мавжуд. Бу ҳужжатлар, асосан, мактаб, масжид ва мадрасаларга бағишланган бўлиб, ўша даврда қўлёзма китоблар ниҳоятда қиммат турганига қарамай, аёллар талабаларга зарур китобларни вақф қилиб берганликлари қайд этилган. Бу ҳолат, ўз навбатида, ўрта аср аёлларининг илм-фан ва маънавият равнақига қўшган ҳиссаси нақадар улкан бўлганини кўрсатади. Улар ўз амаллари билан нафақат оиласининг, балки бутун жамиятнинг тараққиётига хизмат қилган, юрт цивилизациясининг мустаҳкам пойдеворини яратган” дейди Наргиза Хидирова.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси билан пойтахтда бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази 3000 йиллик тарихимизни ўзида мужассам этишни мақсад қилган. Бугунги кунда ушбу масканда қурилиш ишлари якунига етиб, пардозлаш ва жиҳозлаш ишлари сўнгги босқичда амалга оширилмоқда.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа