Ислом цивилизацияси марказида тарих визуал форматда тақдим этилади
Халқимиз илмий ва маданий мероси, ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси, шунингдек, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларида юртимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар фаолияти янги форматда кенг ёритилади.
Ўзбекистонда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази — бу нафақат музей ёки илмий муассаса, балки тарих билан замонавий технологиялар уйғунлашган маърифат масканидир.

Марказда яратилаётган экспозиция ва мультимедиавий материаллар ҳар бир кичик деталгача олимлар, тарихчилар ва санъатшунослар муҳокамаси орқали шаклланмоқда.
Шу мақсадда марказда илмий-тарихий видеороликлар тақдимоти ва муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг етакчи олимлари, тарих ва маданият соҳаси мутахассислари, режиссёрлар, хаттотлар, дизайнерлар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

Унда марказ экспозицияларига мос равишда ишлаб чиқилган тарихий роликларнинг мазмун-моҳияти, бадиий ифодаси ва илмий аниқлиги бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган улкан маънавий-маърифий маскан бўлиб, унинг асосий мақсади — халқимиз илмий ва маданий меросини, ислом цивилизациясига қўшган ҳиссасини, шунингдек, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларида юртимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар фаолиятини кенг ёритишга бор эътиборимиз қаратилган.

- Ижодкорларимиз томонидан яратилган музей экспозициясининг Иккинчи Ренессанс даври бўлимига бағишланган роликларни кўриш жараёнида олимларимиз ва режиссиёрлар ҳамкорликда ишлашди. Ҳар бир деталга алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда. Гап шундаки, Президентимиз ташаббуслари билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидек маҳобатли бинонинг ҳар бир контенти бинога мос бўлиши керак ва барчамиз шунинг ҳаракатидамиз,- деди тарих фанлари доктори Хуршид Файзиев.
Тадбир давомида Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Султон Ҳусайн Бойқаро, Имом Бухорий, Имом Термизий, Аҳмад Фарғоний каби буюк тарихий шахслар ҳақидаги видеолавҳалар намойиш этилди. Уларда саҳнавий ифодалар ва замонавий график ечимлар орқали тарихий воқелик визуал тарзда тикланган.
Мутахассислар таъкидлашича, сунъий интеллект ёрдамида яратилган қадимий шаҳарлар ва меъморий ёдгорликларнинг 3D тикланиши ёшларда миллий ғурур ва илмга қизиқишни оширишда муҳим аҳамият касб этади.

– Яратилаётган видеороликлар марказ экспозициялари билан уйғун ҳолда ишлаб чиқилмоқда. Улар нафақат меҳмонларга, балки халқаро илмий жамоатчиликка ҳам юртимизнинг бой исломий ва маданий меросини етказиш имконини беради, — деди филология фанлари номзоди Буробия Ражабова.
Муҳокама якунида видеороликларни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди. Марказ жамоаси бу материаллар асосида келгусида халқаро онлайн-платформаларда намойишларни ташкил этишни режалаштирмоқда.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа