Фредерик Брессанд: “Ўзбекистон Президентининг ташаббуси катта жасорат ва доно сиёсат белгисидир”

Франциялик тарихчи олима, Темурийлар даври санъати бўйича мутахассис, Франциядаги Темурийлар жамияти раҳбари Фредерик Брессанднинг фикрича, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарих ва замонавийлик уйғунлашган беназир майдон бўлиб, у ёш авлодга ўтмишни янгича кўз билан англаш имконини яратади. Олима айниқса, Темурийлар даври маданияти ва илмий мероси ҳамда Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва Заҳириддин Бобур сингари улуғ шахсларга бағишланган экспозицияларни алоҳида эътироф этди.
— Аввало шуни айтишим керакки, мен марказнинг кўлами ва нафислигидан ҳайратдаман. Бу маскан бой маданиятингизни, айниқса мен мутахассиси бўлган ва чуқур ҳурмат қиладиган Темурийлар даврини ҳис этиш имконини беради.
Бу марказ нафақат дунё жамоатчилиги ёки Ўзбекистонга ташриф буюрадиган меҳмонлар, балки ўзбек халқи, айниқса ёш авлод учун ҳам катта аҳамиятга эга деб ўйлайман. Эндиликда замонавий технологиялар ёрдамида улар бу билимларни янада чуқурроқ ўрганиш имконига эга бўладилар. Бу шубҳасиз, таълимнинг муҳим қисми.
Бу ерда намойиш этилган экспонатлар жуда юқори сифатда тайёрланган ва кўп маълумот беради. Айниқса, Амир Темур, Улуғбек Мирзо ва Ҳусайн Бойқаро даврида Ҳиротда гуллаб-яшнаган миниатюра санъати ҳақида кенг маълумот берилган. Ўша даврда китобат ва тасвирий санъат ниҳоятда юксак даражада бўлган. Менимча, ХIV–ХV асрлар бу маданиятнинг энг юксак чўққисидир. Кейинчалик, Бобурийлар даврида бу анъаналар бироз давом этган бўлса-да, айнан Темурийлар даври энг юксак босқич бўлиб қолган. Бу жараён бутун ислом оламига катта таъсир кўрсатганини кўриш мумкин. Темурийлар сулоласи 150 йил ҳукмронлик қилган, аммо Бобур орқали Ҳиндистонда давом этиб, бутун ислом меъморчилиги ривожига улкан ҳисса қўшган.
Мен Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларини қадрлайман. Бу — маданиятга қаратилган жуда муҳим ва ўз вақтида кўрилган ташаббус. 37 йил аввал мен Темурийлар жамиятини ташкил қилган пайтимда, маданиятга эътибор жуда кам эди — ҳатто Ўзбекистонда ҳам. Аммо ўтган ўттиз йил ичида маданиятнинг нақадар муҳим соҳа эканини, у орқали халқаро эътибор ва ҳурмат қозониш мумкинлигини кўрдим. Эндиликда бу марказ орқали Ўзбекистон маданиятнинг асл қадри ва маъносини бутун дунёга кўрсатяпти.
Марказнинг энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, у ислом динини тинчлик, бағрикенглик, мулоқот ва маърифат манбаи сифатида дунёга кўрсатмоқда.
Шунингдек, Марказда исломдан аввалги давр маданий мероси ҳам намойиш этилади, бу анъаналар ислом цивилизацияси таркибига сингдирилганини кўриш мумкин. Ҳатто зардўштийликдан келиб чиққан айрим ғоялар ҳам бу жараёнда ўз аксини топган.
Бу илмий ва маданий мерос — сизлар учун бебаҳо хазина. Ўзбек халқининг мутафаккирларга ҳурмати, тасаввуф анъаналари ва имонга инсоний ёндашуви Марказий Осиёни бошқалардан ажратиб туради.
Ўзбекистон Президентининг БМТнинг 80-сессиясидаги нутқида айтилган фикрларни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. У жуда муҳим ва ижобий хабар берди. Экстремизм кучайиб бораётган бир пайтда бундай ташаббусларнинг амалда рўёбга чиқиши — бу марказ каби лойиҳаларнинг яратилиши — катта жасорат ва доно сиёсат белгисидир.
Келажакда Ислом цивилизацияси маркази мазмуни янада бойиб боришига ишонаман. Айниқса, асл нусхадаги экспонатлар, қадимий ҳужжатлар, миниатюралар, Темурнинг Европадаги тасвирларига оид материаллар қўшилса, марказ янада мукаммаллашади.
Мен Самарқанднинг фахрий фуқароси сифатида “Шоҳи Зинда” ансамблига алоҳида бўлим ажратиш таклифини билдирган эдим. Бу мажмуа бутун дунёда ўзига хос ёдгорликдир. “Шоҳи Зинда” Темурнинг опа-сингиллари ва аёлларига бағишланган бўлиб, бу орқали Темурийлар даврида аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳам юксак бўлганини кўриш мумкин. Хусусан, Сароймулкхоним сингари аёллар давлат ишларида ҳам фаол иштирок этганлар.
Хулоса қилиб айтганда, Ислом цивилизацияси маркази дунё учун катта аҳамиятга эга. Бу маскан тарих, санъат ва дин уйғунлигининг ёрқин намунаси бўлиб, келажакда энг йирик маданий марказлардан бирига айланиши шубҳасиз.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа