Ислом цивилизацияси марказида илм-фаннинг “юраги” қайтадан ура бошлайди

 

🔴 IX аср олимлари XXI аср технологиясида жонланади

 

IX–X асрларда Аббосийлар ҳукмронлиги даврида турли миллат ва эътиқод вакилларини биргаликда илм тарқатиш ҳамда кашфиёт яратишига хизмат қилган “Байтул ҳикма” Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясида алоҳида жой олмоқда. Музей экспозициясининг Биринчи Ренессанс даври бўлимида “Байтул ҳикма капсуласи” номли ўзига хос интерактив кўргазма намойиш этилиши кутиляпти.


Бу экспозиция IX–X асрларда Марказий Осиёда яшаб, инсоният илмига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар фаолиятини замонавий талқинда ёритади.



 

Аббосийлар халифалиги даврида Боғдод шаҳрида ташкил этилган “Байтул ҳикма” — турли миллат ва эътиқод вакиллари биргаликда илм тарқатиш ва кашфиёт яратишга интилган илмий марказ эди. Ушбу буюк масканда фаолият юритган олимлар орасида Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний ва Абу Наср Форобийлар алоҳида ўрин тутади.

 

Муҳаммад Хоразмий “Байтул ҳикма” раҳбари сифатида алгебранинг асосчиси бўлган. Унинг “Ал-жабр ва-л-муқобала” асарида баён этилган математик усуллар ҳозирги замон техника ва иқтисодиёт назарияларида ҳам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Аҳмад Фарғоний эса ўз замонасининг етук астроном ва муҳандиси сифатида танилган. У Нил дарёсидаги нилометрни такомиллаштириб, гидростатика қонунига асосланган илк гидрологик қурилмани яратган. Марказда намойиш этилган нилометр макети — жаҳон сувшунослиги тарихидаги буюк илмий кашфиётларнинг рамзидир.

 

Абу Наср Форобий — “Байтул ҳикма” муҳитида етишган, фалсафа, сиёсат ва мусиқа соҳаларида улкан из қолдирган алломадир. Унинг “Фозил одамлар шаҳри” асари ижтимоий фикр ва ахлоқ фалсафаси ривожида янги босқич бўлди. Шунингдек, “Мусиқа ҳақидаги катта китоб” орқали Форобий мусиқа назариясини илмий асосга қўйиб, “уд” чолғу асбобини яратган.


Марказ экспозициясида Форобий яратган уд асбобининг макети ҳам жой олган бўлиб, у инсониятнинг ижодий тафаккури ва нафосат ҳиссини ифодалайди.

 

Марказ илмий котиби Рустам Жабборовнинг таъкидлашича, “Байтул ҳикма капсуласи” — Биринчи Ренессанс даврининг буюк илмий меросини замонавий форматда ёдга солувчи рамзий экспозициядир. Унда Шарқ мутафаккирларининг фан, фалсафа, мусиқа ва муҳандисликдаги ютуқлари замонавий технологиялар орқали жонлантирилган. Бу бўлим инсон зеҳни, изланиш руҳи ва маънавият уйғунлигини тараннум этади.

 

Дурдона Расулова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин