Марказий Осиё миниатюра мактабининг энг ноёб дурдонаси Тошкентда намойиш этилади
🔴 “Меҳнатни муҳаббат билан тенг кўрган йигит”
🔴 “Шарқ Рафаэли”нинг яширин имзоси нимани англатади?
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экпозициясидаги ҳар бир экспонат, ҳар бир артефакт томошабинни ўйга солади. Шарқ миниатюра санъати дурдоналаридан бири бўлган ана шундай ноёб артефактлардан бири ҳар бир инсонни ўз “тоғлари”ни енгишга, меҳнатни муҳаббат билан боғлашга чорлайди.
Шарқ миниатюра санъати – бу гўзаллик ва ранг уйғунлиги ортидаги фалсафа, инсон руҳининг теран тасвири. Ҳар бир чизги, ҳар бир ранг ортида асрлар давомида шаклланган маънавий олам, фикр ва тарих мужассам. Ана шундай бебаҳо дурдоналардан бири – Алишер Навоийнинг “Хамса” достонидаги “Фарҳод ва Ширин” қиссасига бағишлаб яратилган “Фарҳод сангтарошдан тешани олмоқда” номли миниатюра ҳисобланади.

ХV-ХVI асрлар давридаги Ҳирот шаҳри - Шарқ Уйғонишининг маънавий маркази эди. Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги йилларида Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Абдураҳмон Жомий, Султон Али Машҳадий каби илму санъат намояндалари ҳамкорликда “Ҳирот мактаби” деб аталган бадиий муҳитни шакллантирдилар.
Айнан шу даврда “Хамса” достонлари учун яратилган миниатюралар нафақат адабий, балки фалсафий жиҳатдан ҳам беқиёс аҳамият касб этган.
Миниатюрада акс этган Фарҳоднинг тешани сангтарошдан қабул қилиши – бу жисмоний ҳаракат эмас, балки инсоннинг руҳий камолот сари ташлаган илк қадами, устоздан илҳом олиш лаҳзасидир.
Сўфий талқинида бу саҳна қуйидагича маъно касб этади:
Тоғ – нафс;
Теша – зикр;
Сангтарош – муршид;
Фарҳод – ҳақиқат изловчи инсон.
Фарҳод тоғларни ёриб ўтганида, аслида, инсон ўз нафс деворларини бузмоқда. Бу - ҳақиқий муҳаббатга, маърифатга ва руҳий эркинликка етиш йўлидир. Шу жиҳатдан ушбу миниатюра Шарқ тасвирий санъатида “инсон ва ҳақиқат ўртасидаги ички муҳораба”ни ифодалаган илк асарлардан бири сифатида алоҳида ўрин тутади.
Камолиддин Беҳзод мактаби ва яширин имзолар анъанаси
Тадқиқотчилар ушбу миниатюранинг услуби ва детал ишланмаларига кўра уни Шарқнинг Рафаэли номини олган буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод мактабига мансуб, деб ҳисоблайдилар.
Ушбу анъанага кўра, усталар ўз номини очиқча ёзиш ўрнига белгиларини нақш ёки фон орқали яшириб тасвирлаганлар. Бу санъат асарига сирли маъно ва руҳий “ҳаёт” бағишлаган.
Ўзбекистонда намойиш этилаётган юксак мерос
Бугунги кунда ушбу миниатюранинг ноёб нусхаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида намойиш этилиши кутиляпти.
Бу экспозиция нафақат Шарқ миниатюра мактаби тарихи билан танишиш имконияти, балки Навоий ва Беҳзоднинг маънавий дунёсига руҳан саёҳат қилиш имконидир.
Инсонни фикрлашга, ўз ички “тоғлари”ни енгишга чорлайдиган бу асар - маънавият, меҳнат ва муҳаббатнинг абадий дарсидир.
Лайло Абдукаххарова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди