XV асрда кўчирилган ноёб Қуръон нусхаси халқ қўлидан Ислом цивилизацияси марказига топширилди
Маданий меросимизга оид ноёб ва қадимий ашёлар, бебаҳо артефактлар нафақат хорижда, балки маҳаллий аҳоли қўлида ҳам сақланиб келаётгани сир эмас.
Давлат раҳбари ташаббуси билан бугунги кунда ноёб артефактларни излаб топиш ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи фондига қайтариш йўлидаги хайрли ишларда маҳаллий аҳоли ҳам фаол иштирок этмоқда.

Марказ директори Фирдавс Абдуҳолиқов раҳбарлигида ўтган олимлару мутахассислар иштирокида ўтказилган навбатдаги Илмий кенгаш йиғилишида Қуръони карим зали экспозицияси учун 8 қиррали тумор – бозубанд шаклидаги XV–XVI асрларга оид қирраси 46 мм, қалинлиги 13 мм. ҳамждаги Қуръони каримнинг ноёб кичик нусхаси маҳаллий фуқаро томонидан тақдим этилди.
Кенгаш аъзолари мазкур экспонатни кўздан кечирар экан, ҳар бир бети, ҳар бир ҳарфи ортида ўша давр хаттотининг иқтидори ва меҳнати яққол сезилиб турганини қайд этишди.
Профессор Баҳром Абдуҳалимов бу Қуръоннинг улкан аҳамиятини таъкидлар экан, шундай деди:
– Бу қадар кичик ҳажмдаги Қуръонни кўчириш улкан меҳнат ва сабрни талаб қилади. Шу боис бу экспонатнинг қиймати беқиёс.
“Art Vernissage” МЧЖ раҳбари Шавкат Султонов эса уни халқаро ISO баҳолаш мезонлари асосида текшириш натижасида ушбу ноёб Қуръон нусхаси Самарқанд қоғозида, ҳар саҳифасига 18 қатордан иборат матн зич, аммо ўқилиши осон шаклда кўчирилганини маълум қилди.
– Китобнинг ўртасидаги олтин суви билан безатилган нақш эса гўё ҳар бир саҳифадан нур сочиб турган манба сингари кўзни қамаштиради.
Бу кичик, аммо маънан беқиёс экспонат энди халқимизга хизмат қиладиган миллий бойлик сифатида Марказ музейи фондидан жой олади.

Илмий кенгаш аъзолари мазкур ноёб топилмани юртимиз маданий меросини асраб-авайлаш, тарихий ҳужжатлар ва муқаддас қўлёзмаларни келажак авлодга етказиш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этдилар. 8 қиррали “тумор”нинг Марказ музейи фондига топширилиши нафaқат миллий қадриятларимизнинг қайта тикланиши, балки халқ ва илмий жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликнинг юксак намунаси сифатида баҳоланди. Кенгаш аъзолари ушбу қимматли артефакт Марказ экспозициясида муносиб ўрин эгаллаб, ислом цивилизацияси тарихи ва китобат санъати тараққиётини янада чуқурроқ очиб беришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди