Халқаро стандартларга мос электрон экспозиция тизими жорий этилади

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси музей коллекциясини рақамлаштириш ва халқаро стандартларга мос электрон экспозиция тизимини жорий этиш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Шунингдек, “Ислом цивилизацияси маркази музей экспозицияси каталоги”ни яратилиб, ҳар бир экспонат QR-код орқали жонлантирилиши кутиляпти.
Марказ директори, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида ўтказилган навбатдаги Илмий кенгаш йиғилиши кун тартибида музей коллекциясини рақамлаштириш ва халқаро стандартларга мос электрон экспозиция тизимини жорий этиш масаласи муҳокама қилинди. “Art Vernissage” МЧЖ раҳбари Шавкат Султонов Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейида жойлаштирилган 1600 дан ортиқ экспонатларни халқаро ISO баҳолаш стандартларига жавоб берадиган тарзда рақамлаштириш лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берди.

Ушбу лойиҳа доирасида ҳар бир экспонатнинг илмий тавсифи, тарихий манбаси, ўлчами, сақланиш ҳолати ва бадиий қиймати рақамли базага киритилади. Ҳар бир асар QR-код орқали кўрсатиладиган электрон экспозиция дастури билан боғланади. Бу тизим нафақат тадқиқотчилар, балки ташриф буюрувчилар учун ҳам ҳар бир экспонат ҳақида чуқур ва аниқ маълумот олиш имконини яратади. Бундан ташқари, “Ислом цивилизацияси маркази музей экспозицияси каталоги”ни яратиш ишлари ҳам бошланган бўлиб, унда барча экспонатлар юқори сифатли фотосуратлар, тавсифлар ва тарихий изоҳлар билан киритилади. Мазкур ташаббус марказ фаолиятида илмий шаффофлик, рақамли меросни сақлаш ва халқаро ахборот алмашинуви тизимини ривожлантириш сари муҳим қадам бўлади, – дейди Шавкат Султонов.
Илмий кенгаш аъзолари ушбу лойиҳани бир овоздан маъқулладилар ва уни марказнинг инновацион тараққиёт йўналишидаги муҳим босқич деб эътироф этдилар.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди