Музей қадимий экспонатлар ва энг ноёб артефактлар билан бойитилмоқда



 

Олимлар давлатимиз раҳбари ташаббуси ва ҳукуматнинг амалий кўмаги билан халқаро аукцион савдо уйлари, коллекционерлар, маҳаллий аҳолидан маданий меросимизга оид нодир ашёлар, бебаҳо дурдоналар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейига қайтарилаётганини Ўзбекистон учун тарихий воқеа дея баҳолашмоқда.


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг навбатдаги Илмий кенгаш йиғилиши кун тартибининг асосий йўналиши сифатида Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 20 октябр куни марказга ташрифи давомида белгилаб берган муҳим топшириқлар ижросини самарали таъминлаш масаласи кўриб чиқилди.


Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов давлатимиз раҳбарининг мазкур ташриф давомидаги топшириқлари фаолиятнинг янги босқичини бошлаб бераётганини таъкидлади. Шунингдек, ҳар бир вазифа бўйича аниқ йўналишлар белгиланди, масъул ходимлар ва ижрочи гуруҳлар шакллантирилди. Ҳар бир ходимдан ташаббус, интилиш ва ижодий ёндашувни талаб этувчи янги иш тизими йўлга қўйилаётгани қайд этилди.

 

“Бугунги кун талабидан келиб чиқиб, биз марказни нафақат илмий-маърифий маскан, балки доимий изланиш ва кашфиётлар ўчоғига айлантиришимиз керак”, 
деди Марказ раҳбари.

 

Йиғилиш давомида Марказ музейи фондини бойитиш мақсадида хориждан харид қилинган қадимий экспонатлар ва энг ноёб артефактлар ҳақида маълумот берилди. Академик Акбар Ҳакимов Марказ коллекциясига яқинда қўшилган "David Aaron", "Mansur Gallery" ва "Sam Fogg Gallery" каби нуфузли халқаро санъат галереяларидан харид қилинган асарларни бирма-бир таништириб ўтди. Ҳар бир экспонатнинг тарихий даври, яратилиш макони, бадиий услуби ҳамда ноёблик ва сақланиш даражаси ҳақида алоҳида тўхталиб, бу ёдгорликларнинг ислом цивилизацияси тарихини янада чуқурроқ очиб беришдаги аҳамияти ҳақида фикр билдирди. 



 

"Марказ музейи фондига қўшилаётган янги экспонатлар билан танишар эканмиз, аввало уларнинг ҳар бири ўзида бутун бир тарихий даврнинг руҳи ва эстетик мезонларини мужассам этганини таъкидлашни истардим. Хориждаги нуфузли галереялардан харид қилинган бу асарлар нафақат бадиий, балки илмий ва маданий аҳамияти билан ҳам ғоят муҳимдир. Бу коллекция орқали биз ислом цивилизацияси тарихининг турли босқичларини, унинг санъат ва илм билан уйғун равишда шаклланган маданий қатламларини янада кенгроқ ёритиш имконига эга бўламиз. Масалан, “David Aaron” галереясидан олинган асарлар орасида милоддан аввалги I мингйиллик бронзадан ясалган буғу ҳайкали, милоддан аввалги II-I асрларга тегишли буқа боши тасвирланган олтин бўйин тақинчоғи мавжуд бўлиб, уларнинг бадиий ишланишида Шарқ миниатюра мактабининг энг нафис анъаналари акс этган" 
дейди Акбар Ҳакимов.



 

Кенгаш аъзолари хориждан харид қилинган навбатдаги артефактларни Марказ музейи экспозициясига киритиш масаласини бир овоздан қўллаб-қувватладилар.